Россия Озарбайжон ҳарбийлари Қорабоғ ҳудудига кирганини айтди. Баку Москвага жавоб қилди

Олам

image

Озарбайжон ҳарбийлари  Тоғли Қорабоғ ҳудудига кирди, бунинг учун Россия Федерацияси тинчликпарвар контингенти жавобгар бўлади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигига асосланиб, “Известия” нашри хабар берди.

“24-25 март кунлари Озарбайжон Республикаси ҳарбийлари Россия, Озарбайжон ва Арманистон раҳбарларининг 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёноти қоидаларини бузган ҳолда, Россия тинчликпарвар контингентининг жавобгарлик зонасига кирди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Қайд этилишича, Озарбайжон Фурух шаҳри яқинидаги Тоғли Қорабоғ бўлинмаларига тўрт марта зарба берган. Отишма Туркиянинг Bayraktar TB-2 учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида амалга оширилган. 

Россия Бакуни қўшинларини олиб чиқиб кетишга ва тан олинмаган республикада ҳарбий ҳолат жорий этишга чақирган. Айни дамда тинчликпарвар кучлар вазиятни бартараф этиш ва қўшинларни дастлабки позицияларига қайтаришга ҳаракат қилмоқда.

Нашрга кўра, жорий йилнинг 25 март куни Озарбайжон томонидан ўққа тутилиши натижасида тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасининг икки ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлгани маълум бўлган эди. Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 26 март куни Озарбайжон ҳарбийлари Россия тинчликпарвар миссияси масъулият зонасида тўқнашув чизиғини бузиб, Парух қишлоғини эгаллаб олгани ҳақида хабар берган. 

Ўз навбатида Озарбайжон Мудофаа вазирлиги Тоғли Қорабоғда Россия тинчликпарвар контингенти жойлаштирилган ҳудудда қуролли ҳодиса рўй бергани ҳақидаги хабарларни рад этди. 

Мудофаа вазирлигига кўра, кеча, 26 март куни эрталаб ноқонуний арман қуролли кучлари аъзолари Озарбайжон армиясига ҳужум қилишга уринган. Зудлик билан амалга оширилган ҳаракат ноқонуний арман ҳарбийларини аъзоларини тарк этишга мажбур қилган. 

Вазирлик Озарбайжон 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнотга содиқлигини ва ҳеч қандай муддатни бузмаганлигини таъкидлаган. 

“Ушбу декларациянинг 4-бўлимига мувофиқ, Арманистон армияси ва ноқонуний арман қуролли кучларининг қолдиқлари ҳалигача Озарбайжондан тўлиқ олиб чиқилмаган. Шунинг учун декларация шартларини Озарбайжон эмас, Арманистон бузмоқда”, дейилади баёнотда.

Аввалроқ, Тоғли Қорабоғ Республикасида ҳарбий ҳолат жорий қилингани ҳақида хабар бергандик.

Қорабоғ уруши 

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

534

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг