Тоғли Қорабоғда ҳарбий ҳолат эълон қилинди
Олам
−
27 Март 2022
13660Тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикасида ҳарбий ҳолат жорий қилинди. Бу ҳақда республика раҳбари Матбуот хизмати маълум қилган.
“26 март куни Арцах Республикаси Президенти (Тоғли Қорабоғнинг арманча номи) Араик Арутюнян Арцах Республикаси ҳудудида эълон қилинган ҳарбий ҳолат шароитида ҳуқуқ ва эркинликларни вақтинча чеклаш тўғрисидаги фармонни имзолади”, дейилади хабарда.
Ҳарбий ҳолат даврида йиғилишлар эркинлиги ҳуқуқи чекланган, иш ташлашлар ва бошқа тадбирлар тақиқланади, мудофаа қобилияти ва хавфсизлигига қарши қаратилган ташвиқот ёки бошқа фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларнинг фаолияти тўхтатилади.
Фармонда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларга вақтинчалик чекловлар қўлланилишини таъминлаш учун жавобгарлик Арцах Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизмати зиммасига юклатилган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси