Ереван минтақадаги воқеликни бузиб, вазиятни кескинлаштиришга уриняпти – Баку
Олам
−
05 Январь 2023
2567Арманистон Ташқи ишлар вазирлигининг Лочин йўлидаги норозилик ҳақидаги навбатдаги баёноти тубдан асоссиз айбловларни ўз ичига олади ва вазиятни сунъий равишда оғирлаштириш ва минтақа воқелигини бузиб кўрсатишга қаратилган. Бу ҳақда кеча, 4 январь куни Озарбайжон ТИВ матбуот хизмати эълон қилган навбатдаги баёнотда сўз боради.
Бакунинг таъкидлашича, Ереваннинг Озарбайжоннинг минерал бойликларини талон-торож қилиш борасидаги позицияси ажабланарли эмас, чунки айнан Арманистон томони ўнлаб йиллар давомида қўшни давлат конларини ноқонуний ўзлаштиришни давом эттирган.
“Афтидан, арман томони ҳали ҳам Озарбайжон ҳудудида ноқонуний иқтисодий ва бошқа фаолиятга умид қилмоқда. Ереваннинг мамлакатимиз ҳудудига муайян миссиялар юбориш ҳақидаги чақириқлари Озарбайжон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши навбатдаги провокация сифатида баҳоланмоқда”, дейилади ТИВ хабарида.
Баёнотда Лочин йўлаги бўйлаб табиий ресурсларнинг Арманистонга экспорт қилиниши 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама баёнотни қўпол равишда бузиш эканлиги таъкидланган.
Шарҳда айтилишича, Озарбайжон ҳукумати 2021 йил ноябрь ойидан бери Россия ҳарбийлари вақтинча жойлашган Озарбайжон ҳудудларида ноқонуний иқтисодий фаолиятни тўхтатишга чақириб келади ва муаммони музокаралар йўли билан ҳал қилишга сўнгги уриниш 2022 йилнинг 3-10 декабрь кунлари амалга оширилган.
“Барча уринишларга қарамай, арман томони мурожаатларни эътиборсиз қолдириб, тегишли тузилмалар ҳудудига киришга тўсқинлик қилди ва ноқонуний фаолиятни давом эттиришга уринди. Бу ҳаракатларнинг барчаси Озарбайжон жамоатчилигининг адолатли норозилигига сабаб бўлди, шу муносабат билан фақат инсонпарварлик мақсадлари учун мўлжалланган Лочин йўлидан фойдаланишни тўхтатиш талаби билан тинч акция ўтказилмоқда”, дейилади Озарбайжон ТИВ хабарида.
Айни пайтда норозилик намойишлари гўёки Лочин йўлининг ёпилишига олиб келди ва инсонпарварлик инқирозига сабаб бўлди, деган даъволар ҳам бирдек асоссиз. Кундузи Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва тинчликпарвар контингентнинг автомобиллари, тез тиббий ёрдам машиналари йўл бўйлаб бемалол ўтаётгани инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Бундан ташқари, Озарбайжон ҳукумати ҳам, фуқаролик жамияти вакиллари ҳам арман аҳолиси бошдан кечириши мумкин бўлган барча инсонпарварлик эҳтиёжларини зудлик билан таъминлашга тайёр эканликларини маълум қилишди.
Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқиб, Озарбайжонни 23 кундирки, бутун дунёнинг кўз ўнгида (тан олинмаган – таҳр.) Тоғли Қорабоғ аҳолисини этник тозалаш сиёсатини давом эттириб, мажбуран депортация қилишга ундаётганини айтиб чиққанди. Баёнотда Ереван гуманитар вазиятни баҳолаш, Қорабоғга гуманитар ёрдамларнинг тўсиқсиз киришини таъминлаш учун Тоғли Қорабоғ ва Лочин йўлагига халқаро фактларни ўрганиш миссиясини юбориш зарур деб ҳисоблаши айтилган.
Маълумот учун, 2022 йилнинг 12 декабрь куни ўзларини экологлар деб таништирган бир гуруҳ озарбайжонликлар Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Лочин йўлагини тўсиб қўйди. Баку норозилик акциясидан мақсад ҳеч қандай йўлни тўсиб қўйиш эмаслигини, фуқаролик воситалари ҳар икки йўналишда ҳам эркин ҳаракатлана олишини билдирди.
Ереван буни Баку томонидан тан олинмаган республикада гуманитар фалокат яратишга қаратилган провокация сифатида баҳолади. Арманистон Хавфсизлик кенгаши котиби Армен Григорян аввалроқ Ереван БМТ ва ЕХҲТ Минск гуруҳини Лочин коридорига баҳолаш миссиясини жўнатишга чақиргани ҳақида хабар берган эди. Республика Бош вазири Никол Пашинян ҳукумат йиғилишида маълум қилганидек, Тоғли Қорабоғда қамал туфайли озиқ-овқат тақчиллиги бошланган. 14 декабрь куни Арманистон Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига Озарбайжонни Лочин йўлагини очишга мажбурлаш талаби билан мурожаат қилди.