Биз урушни тўхтатишга қодир эмасмиз – Кулебанинг Лавров билан учрашувдан ҳафсаласи пир бўлди
Олам
−
10 Март 2022
12783Украинада 24 соатлик ўт очишни тўхтатиш масаласида ҳеч қандай муваффақиятга эришилмади. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Туркиянинг Анталия шаҳрида Россия ва Туркия ТИВ раҳбарлари билан ўтказилган уч томонлама музокаралар якунида маълум қилди.
“Биз урушни тўхтатишга қодир эмасмиз. Агар бизга ҳужум қилаётган давлат буни истамаса, биз урушни тўхтата олмаймиз”, деган украиналик дипломат музокаралардан кейинги матбуот анжуманида.
Дмитрий Кулебанинг сўзларига кўра, Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров гуманитар йўлакларга кафолат бермаган ва бу масалани тегишли тузилмалар билан муҳокама қилишини маълум қилган.
Шу билан бирга, Украина Ташқи ишлар вазири яна шундай учрашув ўтказиш бўйича келишувга эришилганини таъкидлаган.
“Агар инқирозни ҳал қилиш зарурати туғилса, биз учрашишга тайёрмиз”, дейди Кулеба.
У Россия томони музокараларга тайёр бўлганида Украина ҳам мулоқотга тайёр эканини урғулаган. Шунингдек, Украина ТИВ раҳбари у Анталияга вазиятни ҳал қилиш бўйича аниқ қарорлар қабул қилиш мақсадида келгани, Лавров эса “фақат тинглаш учун” келганини таъкидлаган.
Аввалроқ, бугун, 10 март куни Анталия шаҳрида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ва Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ўртасида учрашув бошлангани ҳақида хабар бергандик.
Бу икки давлат ТИВ раҳбарларининг Украинада Россия Қуролли кучлари ҳарбий ҳаракатлар бошлаганидан кейин ўтказаётган илк музокараси.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь