Биз ҳаммасини эслаб қоламиз – Украина МХМК котиби Россияга бостириб кириш билан таҳдид қилди

Олам

image

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов Россияга ҳужум қилиш билан таҳдид қилди.

“Ҳеч қачон Украина билан жанг қилманг, халқимиз минглаб ғайриинсоний синовлардан ўтди, бир нечта империяларни мағлуб этди ва бундан фақат кучлироқ ва бардошли бўлди, ҳозир ҳам шундай бўлади!”, деган Данилов.

Мансабдор Россия Украинага ҳужум қилганида “ўлик ер” тактикасини танлаганини намойиш қилганини таъкидлаган. У бунга мисол сифатида рус ҳарбийлари “Смерч” ялпи реактив ҳужум тизими билан Николаевдаги уйларга зарба берганини кўрсатган.

“Сиз бизнинг болаларимизни, аёлларимизни, аҳолимизни ўлдиряпсиз! Биз барчани ва ҳаммасини эслаб қоламиз, ҳеч кимни ва ҳеч қачон унутмаймиз. Сиз ҳеч қаерга яширинолмайсиз: на уйларингизнинг панжараси ортига, на Майамидаги виллаларда, на Сейшел оролларидаги яхтада, на Уралдаги бункерда”, деб ёзган Данилов ўзининг Facebook’даги саҳифасида.

Данилов Украина буйруқ берганларни ҳам, уларни бажарганларни ҳам ўз рўйхатига киритганини таъкидлаган.

“Сиз бизнинг еримизга ва оилаларимизга келдингиз – биз ҳам сизга борамиз. Украинага шон-шарафлар”, дея сўзини якунлаган хафсизлик кенгаши котиби.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

22

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг