Битта қарор билан АҚШ ва Россия муносабатлари буткул жарликка қулаши мумкин

Олам

image

АҚШ Адлия вазирлиги америкалик қонунчилардан Россия активларини Украина фойдасига мусодара қилишга рухсат беришни сўрамоқда. Бу ҳақда Россия активларини аниқлаш ва мусодара қилиш бўйича ишчи гуруҳи раҳбари Эндрю Адамс томонидан тарқатилган баёнотда айтилади. 

“Бу россиялик ишбилармонларнинг мусодара қилинган мол-мулкидан олинган даромадларни Россия тажовузкорлиги оқибатида етказилган зарарни қоплаш учун Украинага ўтказиш имконини берадиган ташаббус”, дейди Адамс.

Унинг сўзларига кўра, бундай имконият Украинага етказилган зарарни қоплаш учун мусодара қилинган маблағлардан фойдаланиш ҳолатида Адлия вазирлиги ресурслари ва воситаларини кенгайтиради. Гуруҳ раҳбари тушунтирганидек, бундай ваколатни бериш АҚШнинг мусодара қилинган маблағлардан фойдаланишни тартибга солувчи кўплаб қонунларига ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. 

Адамснинг сўзларига кўра, унинг гуруҳи, хусусан, Россия билан боғлиқ АҚШ экспорт назорати қонунларини бузиш ҳолатларини текширмоқда, шунингдек, Россиянинг охирги фойдаланувчиларига АҚШнинг экспорт назорати қонунларини четлаб ўтишга уринишларида ёрдам беришга интилаётган харид тармоқлари ва воситачиларни аниқламоқда.

У, шунингдек, АҚШнинг Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтишга қаратилган транзакцияларни тарғиб қилувчи ёки амалга оширувчи жисмоний ва юридик шахсларни, шунингдек, россиялик тадбиркорлар томонидан пул ювишнинг эҳтимолий ҳолатларини текширади.

Россия ТИВ Шимолий Америка департаменти директори Александр Дарчиевнинг ТАСС агентлигига айтишича, АҚШ расмийлари томонидан Украина фойдасига Россия активларининг мусодара қилиниши Москва ва Вашингтон ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ниҳоят якунлайди. 

Унинг қайд этишича, икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги воқелигида Россия билан у ёки бу тарзда боғланган ҳар қандай активлар, жумладан, дипломатик мулк ҳам юқори хавф остида.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Украинага босқин Россия-Украиана уруши Россия активлари

Баҳолаганлар

103

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг