Биринчи марта Украина уруш бошидан бери қанча аскарини йўқотгани очиқланди
Олам
−
11 Июнь 2022
22374Россия Федерациясининг Украинага ҳужуми бошланганидан бери биринчи марта Украина Президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Алексий Арестович Украина Қуролли Кучларининг йўқотишлар сонини айтди. Бу ҳақда жума куни Украинанинг ТСН агентлиги хабар берди.
“Можаро бошида кунига ўртача 100 нафар аскаримиз ҳалок бўлди”, деган Арестович собиқ адвокат Марк Фейгиннинг саволига жавобан. Ҳуқуқшунос бу ҳисоб-китоблардан келиб чиқиб, Украина армияси 10 минг нафаргача аскаридан айрилди десак бўладими, дея савол берганида, “ҳа, тахминан шунча”, деб жавоб қайтарган.
Шу нуқтаи назардан, маслаҳатчи, Украинага қурол етказишда жуда суст бўлган Ғарб иттифоқчиларини танқид қилган.
Бундан олдин Президент девони раҳбарининг яна бир маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украинанинг кунлик йўқотишлари 100-200 жангчи эканлигини айтганди. Шунингдек, Украина мудофаа вазири Алексей Резников кунига 100 нафаргача ҳарбий хизматчи ҳалок бўлаётганини ва 500 нафари жароҳатланаётганини айтди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси