Байден Украинага 13,6 миллиард долларлик ёрдам пакетини имзолади

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 15 март куни Конгресснинг иккала палатаси томонидан маъқулланган мамлакат ҳукуматини қолган жорий молиявий йил учун (2021 йил октябрда бошланган) 1,5 триллион доллар миқдорида молиялаштириш ташаббусини имзолади. Ушбу пакет,  жумладан, Украинага гуманитар, ҳарбий ва иқтисодий ёрдам учун 13,6 миллиард доллар ажратишни назарда тутади. 

“Ушбу қонун лойиҳасида Россиянинг Украинага бостириб кириши ва унинг қўшни давлатлар учун оқибатларига жавоб беришга тарихий 13,6 миллиард доллар маблағ ажратилади. Мен Конгресс раҳбариятига зарур ресурсларга эга бўлиш ва да инқирозга [Украинадаги] қатъий жавоб беришда давом этишимиз учун тезкор ишлагани сабаб миннатдорчилик билдирмоқчиман”, дейди Байден Оқ уйдаги имзолаш маросимида.  

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу пакет туфайли Қўшма Штатлар Украинага ҳарбий ва гуманитар ёрдамни кенгайтириш имкониятига эга бўлади. Америка етакчиси, шунингдек, бугун, 16 март куни Вашингтоннинг Украинадаги вазият билан боғлиқ ҳаракатлари ҳақида батафсилроқ маълумот беришини айтди. 

Президент томонидан имзоланган ташаббус жорий йилнинг 30 сентябрига қадар федерал ҳукуматни молиялаштириш имконини беради. У мудофаа эҳтиёжлари учун қарийб 780 миллиард доллар ва бошқа соҳалардаги харажатлар учун тахминан 730 миллиард доллар ажратишни ўз ичига олади. 

Қонунчилар кўп ойлик маслаҳатлашувлардан сўнг молиялаштириш пакети бўйича келишиб олдилар, бу федерал ҳукумат томонидан вақтинча молиялаштириш ташаббусларини қабул қилишга олиб келди, иккинчиси эса уни 15 мартгача узайтирди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украинага босқин Россия-Украиана уруши

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг