Байден Си Цзиньпин билан гаплашмоқчи
Олам
−
14 Март 2023
5435Кеча, 13 март куни АҚШ Президенти Жо Байден тез орада Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан гаплашмоқчи эканини айтди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Байден AUKUS иттифоқи бўйича Буюк Британия ва Австралия Бош вазирлари билан учрашиб, ядровий сувости флоти келишувларига эришгач, яқин орада Хитой етакчиси Си Цзиньпин билан гаплашишини маълум қилди.
Гап шундаки, гарчи Байден буни рад этган бўлсада, мазкур келишув Хитойга тажовуз сифатида кўрилиши мумкин. Шунинг учун ҳам АҚШ раҳбари тез орада Си Цзиньпин билан гаплашмоқчи эканини айтган, бироқ бу қачон содир бўлишини очиқламаган.
Таъкидлаш жоизки, AUKUS’нинг Австралияни ядровий сув ости кемалари билан таъминлаш тўғрисидаги келишуви Ҳинд-Тинч океанида Хитойга қарши курашишга қаратилган ва Пекин буни ядровий қурол тарқалишининг ноқонуний ҳаракати сифатида баҳолаган.
Маълумот учун, AUKUS (Australia, the United Kingdom, the United States’дан олинган қисқартма) Австралия, Буюк Британия ва Америка Қўшма Штатлари томонидан тузилган уч томонлама мудофаа иттифоқидир. 2021 йил 15 сентябрда унинг тузилгани эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Си Цзиньпин Россияга бориб, Путин билан кўришиши, Украина Президенти Владимир Зеленский билан ҳам онлайн музокара ўтказиши айтилганди. Сўнгги пайтларда Байденнинг иттифоқчилари билан учрашувларида эса Хитой таҳдиди кун тартибига чиқа бошлаган. Жумладан, Германия канцлери Олаф Шольц билан кўришиб, Франция Президенти Эмануэль Макрон билан эса телефон орқали мулоқот қилганда ҳам шу мавзу муҳокама қилинганди.
Кеча, 13 март куни Калифорниянинг Сан-Диего шаҳрида AUKUS иттифоқи бўйича Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ва Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе билан ўтказилган икки тарафлама учрашувларда ҳам “Хитой таҳдиди” атрофлича кўриб чиқилганди.