Си Цзиньпин Россияга боради – “Reuters”
Олам
−
13 Март 2023
8259Хитой раҳбари Си Цзиньпин келаси ҳафтада россиялик мавқедоши Владимир Путин билан учрашиш учун Россияга боришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф режалари Хитойнинг Украинада тинчликка воситачилик қилишни таклиф қилаётгани, Россияни дипломатик қўллаб-қувватлагани муносабати билан Ғарбда бунга шубҳа ортган бир пайтда амалга оширилмоқда.
Россия матбуотига кўра, Путин Си Цзиньпинни баҳорда Москвага келишини таклиф қилган. Бироқ Хитой ташқи ишлар вазирлиги Хитой раҳбарининг Россияга бориши эҳтимоли ҳақида изоҳ бермаган, Кремль ҳам мазкур масалада бирор нарсани очиқлашдан бош тортган. Шунинг учун ҳам ташрифнинг бошқа тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
Таъкидлаш жоизки, Россия Украинага бостириб киришидан бир неча ҳафта олдин, 2022 йил февраль ойида Путин Пекинга Қишки Олимпиада ўйинларининг очилишига ташриф буюрганида Хитой ва Россия “чекловсиз” ҳамкорликка эришган ҳамда томонлар ўз алоқаларининг мустаҳкамлигини яна бир бор тасдиқлаган.
Маълумот учун, Си Цзиньпин Раис бўлганидан бери Путин билан 39 марта шахсан учрашган. Учрашувларнинг охиргиси 2022 йил сентябрда Самарқандаги ШҲТ саммити доирасида бўлган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Си Цзиньпиннинг Москвага ташрифи ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини маълум қилганди.
LiveБарчаси