“Бахти Ташкентский”нинг ўғилларига ҳам суд ҳукми ўқилди
3-саҳифа
−
19 Июль
20050Бугун, 19 июль куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида “Бахти Ташкентский”га оид иш бўйича суд ҳукми эълон қилинмоқда. Мазкур иш доирасида Бахтиёр Қудратуллаевнинг ўғиллари Бекзод Зафаров ва Ихтиёр Қудратуллаевга ҳам суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда суд залидан QALAMPIR.UZ мухбири хабар берди.
Суд ҳукмига кўра, Бекзод Зафаров 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони умумий колонияда ўташ белгиланди.
“Бахти Ташкентский”нинг кичик ўғли Ихтиёр Қудратуллаев эса 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазони умумий колонияда ўташ белгиланди.
Қудратуллаевнинг тўнғич ўғли Бекзод Зафаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “в” банди, 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми “в” банди билан айбланиб қўлга олинган эди. Давлат айбловчиси суддан Бекзод Қудратуллаевни 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.
Қудратуллаевнинг кенжа ўғли – 27 яшар Ихтиёр Қудратуллаев Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” банди билан айбланаётган эди. Давлат айбловчисига кўра, Ихтиёр Қудратуллаев 1 та эпизодда айбланган ва айблов ўз тасдиғини топган.
“Ихтиёр Қудратуллаев 165-модда (Товламачилик) 3-қисми “а” ва “в” бандида айтилган жиноятларни содир этгани ўз тасдиғини топди. Унинг судланмагани ва бошқаларни ҳисобга олиб, содир этган жиноятини хавфлилик даражаси ва бошқа жиноятлардаги иштирокини инобатга олган ҳолда Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) ва 72-моддаси (Шартли ҳукм қилиш)ни қўлламасдан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниши ва жазони умумий тартибли колонияда ўташини сўрайман”, деганди давлат айбловчиси.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ суд Бахтиёр Қудратуллаевни 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, унинг акаси Шуҳрат Қудратуллаевни 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, мазкур иш доирасида судланганлар орасидаги ягона аёл судланувчи Наргиза Жуманиёзовани эса 4 йил-у 4 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилгани хабар қилинганди.