Баъзи НАТО давлатлари Украинада уруш давом этишини истайди - Чавушўғли

Олам

image

НАТОда Украинадаги урушни давом эттирмоқчи бўлган давлатлар бор, чунки бу Россияни заифлаштириши мумкин. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлуд Чавушўғли CNN Türk телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“НАТОда Украинадаги уруш давом этишини истайдиган давлатлар бор. Улар урушнинг давом этишида Россиянинг заифлашаётганини кўрмоқда. Улар Украинадаги вазиятдан унчалик хавотирда эмас”, деган Туркия вазири.

Украина-Россия музокараларига келсак, Чавушўғли Туркия томони Анталияда бўлиб ўтган (10 март куни ўтказилган – таҳр.) музокаралардан бирор нарса чиқишини кутмаганлигини, асосийси томонларни бир жойга тўплаш бўлганини таъкидлаган.

“Истанбулдаги музокаралардан сўнг умидларимиз катта эди, бироқ (Бучадаги – таҳр.) қирғин суратлари пайдо бўлгач улар Истанбул келишувидан узоқлашишди, бироқ икки томон ҳамон музокаралар олиб бормоқда”, деган вазир.

Шу билан бирга, унинг аниқлик киритишича, Украина ва Россия Федерацияси Президентлари Владимир Зеленский ва Владимир Путин исталган вақтда учрашишлари мумкин. 

“Икки етакчининг учрашуви муҳокама қилинмоқда. Агар Путин ва Зеленский ўртасидаги учрашув бўлиб ўтса, у Истанбул ёки Анталияда бўлиши мумкин”, деган Чавушўғли.

Унинг аниқлик киритишича, Россия Федерацияси ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулеба билан учрашувларда Туркия томони ушбу музокара жараёни ва жойлардаги мавжуд вазият ҳақида маълумот олади.

Туркия ТИВ раҳбари Украина учун эҳтимолий хавфсизлик кафолатларига ҳам изоҳ берди. Унинг қайд этишича, Туркия Украина учун кафил бўлишга тайёр.

“Аммо Украина томони НАТО Низомининг 5-моддаси мисолида кафолат талаб қилмоқда. АҚШ, Канада ва Буюк Британия, жумладан биз ҳам бунга қаршимиз. Жараённинг ўзини, бу кафолатлар нима эканлигини, нима бўлишини тушуниш керак. Барча кафил давлатлар шартларни, келгусидаги хавфларни қабул қилишлари керак”, деган у.

Маълумот ўрнида, Россия-Украина музокаралари 28 февралда, Россиянинг Украинага қарши ҳарбий юришининг тўртинчи куни бошланди. Беларусда бир нечта учрашувлар бўлиб ўтди, кейин музокарачилар видео алоқа орқали мулоқотни давом эттирди. 10 март куни Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган дипломатик форум доирасида Туркия Россия ва Украина Ташқи ишлар вазирлари Сергей Лавров ва Дмитрий Кулебанинг учрашувини ташкил қилди. 29 март куни эса Истанбулда юзма-юз музокаралар бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича Россия делегацияси Украина томонидан ўрганиб чиқиладиган ва мамлакат раҳбариятига етказиладиган аниқ шаклланган позиция ва таклифларни олди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

11

Рейтинг

3.5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг