“Азот” заводидан 150 дан ортиқ тинч аҳоли эвакуация қилинди

Олам

image

Россия назоратига ўтган Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрида жойлашган “Азот” заводидан кеча, 27 июнь куни 150 дан ортиқ тинч аҳоли эвакуация қилинди. Бу ҳақда тан олинмаган Луганск халқ республикасининг Россиядаги элчиси Родион Мирошник маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, заводдан  сўнгги икки кун ичида 500 га яқин тинч аҳоли олиб чиқилган. 

“Азот” ҳудудидаги тинч аҳолининг аниқ сонини айтиш ҳали ҳам қийин, аввалроқ, у ерда 1,2 мингдан ортиқ одам борлиги тахмин қилинганди”, дейди Мирошник. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 июнь куни Россия ҳарбийлари Украина шарқидаги Луганск вилоятининг Северодонецк шаҳрини тўлиқ босиб, назорат ўрнатди. Маълумотни Украина расмийлари тасдиқлади. Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, “Азот” заводи ҳудуди ҳам тан олинмаган ЛХР милицияси бўлинмалари томонидан назорат қилинади.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

14

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг