“Anonymous” хакерлари Россияга киберуруш очди

Олам

image

“Anonymous” халқаро хакерлар тармоғи Россияга киберҳужумлар уюштирганини маълум қилди. Улар Россиянинг “Russia Today” каналига DDoS ҳужуми учун масъулиятни ўз зиммасига олган. 

“Anonymous жамоаси Россия ҳукуматига қарши киберуруш ҳолатида”, деб ёзилган гуруҳнинг Twitter саҳифасида. 

Хакерлар, Россиянинг “Russia Today” каналидаги DDoS ҳужумлари ортида ҳам ўзлари турганини даъво қилмоқда. 

Қайд этилишича, Россиянинг интернет провайдерлари, Кремль ва Федерал монополияга қарши хизматнинг расмий веб-сайтлари ҳам ҳужумга учраган. 

Украина манбаларига кўра, хакерлар гуруҳи Россия Мудофаа вазирлиги веб-сайтини бузган ва ҳозирда Россия қўшинлари Киевни кенг кўламли бомбардимон қилишга тайёрланаётгани ҳақида хабар берган. 

Маълумот ўрнида, Компьютер ҳодисалари бўйича миллий мувофиқлаштириш маркази Украинада давом этаётган ҳарбий операция фонида Россия ахборот ресурсларига, шу жумладан муҳим ахборот инфратузилмаси объектларига компьютер ҳужумлари интенсивлигининг кучайиши хавфи ҳақида огоҳлантирган.

Россиянинг Украинага босқини

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бунинг ортидан Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди.

Рус қўшинлари дастлаб Киев ва Харьковга ракета ҳужуми уюштирди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди. Шунингдек, расмий идора рус қўшинлари Харьков ва Одесса вилоятига кириб борганини билдирди.

Ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, ЛХР Ички ишлар вазири маслаҳатчиси Виталий Киселев Счастье ва Станица шаҳарчалари ЛХР назоратига ўтганини эълон қилди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украина босқини

Баҳолаганлар

151

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг