Америкалик журналист Россияда 20 йилга қамалиши мумкин

Олам

image

Москва шаҳар суди “The Wall Street Journal” мухбири Эван Гершковичнинг ҳибсга олиниши бўйича шикоятни рад этди ва ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди. Бу ҳақда “Медиазона” хабар берди

Қайд этилишича, жосусликда айбланиб, ҳибсга олинган журналистнинг апелляция шикояти рад этилиб, тергов якуни ва судга қадар ҳибсда сақланиши маълум қилинган. 

Гершковичнинг айби исботланса, у 20 йилгача қамалиши мумкин. Россиялик ҳуқуқшуноснинг айтишича, жосуслик ишлари бўйича ўтмишдаги терговлар 1 йилдан 18 ойга қадар чўзилган ва бу вақт ичида айбланувчилар ташқи дунё билан деярли алоқада бўлмаган. 

Маълумот учун, 31  ёшли Эван Гершкович шу йилнинг март ойида Екатеринбургда Россия қурол-яроғ заводи ҳақидаги махфий маълумотларни олишга уринганликда айбланиб, ҳибсга олинган. У Совуқ урушдан буён россияда жосусликда айбланиб, қамалган ягона журналист бўлиб турибди. 

Эваннинг ўзи, “The Wall Street Journal” журнали ва АҚШ ҳукумати айбловларни рад этиб, уни озод қилишни талаб қилмоқда.

“Эван эркин матбуот аъзоси бўлиб, у ҳибсга олингунига қадар янгиликлар йиғиш билан шуғулланган. Бошқа ҳар қандай айбловлар ёлғондир”, дейилади журнал баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, WSJ ва АҚШ ҳукумати бу айбловларни рад этган, давлат департаменти эса Россиядаги америка фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирганди. 2 апрель куни эса АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали гаплашиб, журналистни озод этишни талаб қилди. 10 апрель куни АҚШ Давлат департаменти “The Wall Street Journal” мухбири Эван Гершковични ноҳақ ҳибсга олинган, деб эълон қилди ва мазкур қадам журналистни алмашиш бўйича музокаралар олиб боришга потенциал йўл очиши айтилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Эван Гершкович Америкалик журналист

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг