Америкалик журналист ҳибсга олиниши ортидан АҚШ ўз фуқароларини Россияни тарк этишга чақирди
Олам
−
31 Март 2023
8105Аввал хабар берганимиздек, Россия Федерал Хавфсизлик хизмати Екатеринбургда “The Wall Street Journal” газетаси мухбири Эван Гершковични жосусликда гумон қилиб ҳибсга олган эди. Мазкур ҳолатдан сўнг АҚШ Давлат департаменти Россиядаги барча Америка фуқароларини зудлик билан мамлакатни тарк этишга чақирди. Бу ҳақда департамент сайтида эълон қилинган баёнотда сўз боради.
“Биз Россия томонидан кенг тарқалган АҚШ фуқароси журналистнинг ҳибсга олинишидан чуқур хавотирдамиз. Ушбу вазият бўйича “The Wall Street Journal” билан алоқадамиз. Ҳар сафар АҚШ фуқароси чет элда ҳибсга олинса, биз дарҳол консуллик хизматига мурожаат қиламиз ва барча керакли ёрдамни тақдим этишга интиламиз”, дейилади баёнотда.
Шунингдек, Давлат департаменти Кремлнинг журналистлар ва фуқаролик жамияти вакилларини қўрқитиш, репрессия қилиш ва жазолаш бўйича давом этаётган уринишларини кескин қоралашини билдирган.
“Давлат департаментининг устувор йўналиши АҚШ фуқароларининг чет элдаги хавфсизлигидир. Биз Россия Федерацияси ўз ҳудудидаги АҚШ фуқаролари учун хавф туғдириши ҳақида қаттиқ огоҳлантиришларимизни такрорлаймиз. Россияда истиқомат қилувчи ёки саёҳат қилаётган АҚШ фуқаролари Россияга саёҳат бўйича маслаҳатномамизда кўрсатилганидек, дарҳол чиқиб кетишлари керак”, дейилган АҚШ Давлат департаменти баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерал Хавфсизлик хизмати Эван Гершковични Америка томонининг кўрсатмаси бўйича Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплаганликда айблаган эди.
LiveБарчаси