АҚШнинг муваффақиятсизлиги ва БМТнинг заифлиги. BRICSнинг Ғазо бўйича саммитида нималар муҳокама қилинди?

Олам

image

Кеча, 21 ноябрь куни BRICS’га аъзо давлатлар (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка) ва ташкилотга янги таклиф этилган Саудия Арабистони, Аргентина, Миср, Эфиопия, Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари раҳбарларининг Ғазо секторидаги вазиятга бағишланган навбатдан ташқари онлайн форматдаги йиғилиши ўтказилди.

Учрашув иштирокчилари ўхшаш позицияларни билдирди, бироқ уларнинг ҳар бири муаммонинг ўзига хос жиҳатини таъкидлади.

Россия Президенти Владимир Путин Америка сиёсати муваффақиятсизликка учраганини айтган бўлса, унинг бразилиялик мавқедоши Луиc Инасиу Лула да Силва Яқин Шарқдаги вазият БМТ Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатишини айтди, Эрон ва Саудия Арабистони вакиллари Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишга чақирди.

Вашингтоннинг қўли

Россия раҳбарининг сўзларига кўра, тарих АҚШнинг Фаластин-Исроил можаросини якка ўзи ҳал қилишга уринишларининг ночорлиги ва самарасизлигини кўрсатган. 

“Оқибатда фаластинликларнинг бир неча авлоди ўз халқига нисбатан адолатсизлик муҳитида тарбияланмоқда ва исроилликлар ўз давлати хавфсизлигини тўлиқ кафолатлай олмаяпти", деган Путин.

Унинг таъкидлашича, Фаластин-Исроил можароси географиясининг кенгайишига йўл қўймаслик ва минтақада динлараро тинчликни сақлаш муҳим.

"Россиянинг позицияси изчил ва оппортунистик эмас. Биз халқаро ҳамжамиятни вазиятни яхшилаш, ўт очишни тўхтатиш ва Фаластин-Исроил можаросига сиёсий ечим топишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларга чақирамиз", деган Путин. 

Унинг фикрича, бунда BRICS давлатлари асосий роль ўйнаши мумкин.

Ўзаро жавобгарлик

Ўз навбатида, Жанубий Африка Республикаси Президенти Сирил Рамафоса Исроилнинг ҳаракатлари халқаро ҳуқуқни очиқдан очиқ бузиш эканини айтган, бироқ ҲАМАС ҳам халқаро ҳуқуқни бузганини ва тинч аҳолига қилинган ҳужумлар ва одамларни гаровга олиш учун “жавоб бериши” кераклигини таъкидлаган.

Рамафоса Ғазодаги азоб-уқубатларга чек қўйиш ва адолатли ва тинч ечим йўлини очиш учун аниқ чоралар кўришга чақирган. Бу чора-тадбирлар орасида ўт очишни тўхтатиш ва гуманитар йўлакларни очиш киради.

Бундан ташқари, Рамафоса оташкесимни кузатиш учун Фаластинга БМТнинг тезкор ҳаракат кучини юбориш ва Халқаро Жиноят Суди зудлик билан уруш жиноятлари учун жавобгарларни таъқиб қилишни бошлаши кераклигини айтди.

Фаластин давлати масаласи

Хитой раҳбари Си Цзиньпиннинг фикрича, ҳозирги можаронинг сабаби Фаластин халқининг давлат қуриш, мавжуд бўлиш ва ўз ерларига қайтиш ҳуқуқлари узоқ вақт давомида эътибордан четда қолаётганида ётади. 

“Вазиятдан чиқиш йўли икки давлат қарорини амалга оширишдир", деган Си Цзиньпин.

БМТнинг роли

Бразилия Президенти Лула да Силванинг айтишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг Ғазо секторидаги вазиятни тартибга солиш бўйича резолюцияларни тезда қабул қила олмаслиги бу органнинг ваколатини шубҳа остига қўяди ва уни ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатади. 

Эрон Президенти Иброҳим Раиси ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Ғазо секторида тинчлик ва барқарорликни кафолатлаш орқали ўз миссиясини бажара олмаслигини таъкидлади.

Фаластинликларни қайта жойлаштириш

Ўз навбатида, Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси BRICS саммитида Қоҳира фаластинликларни Ғазо секторидан мажбуран кўчириш сценарийсини рад этишини айтди. 

“Мисрнинг ўзи учун устувор вазифа Исроилнинг Фаластин анклавидаги агрессиясини тўхтатиш ва Ғазо сектори аҳолисига ёрдам кўрсатишдир”, дейди у.

Исроилни бойкот қилиш

Раисий BRICS мамлакатлари Исроил билан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий ҳамкорликни тўхтатишини кутмоқда. Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ҳам Исроилга қурол экспортини тўхтатишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, Яқин Шарқда вазият кескинлашгандан бери Ғазода 13 мингдан ортиқ, Исроилда 1,4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди. Можарога ечим излаш бир қанча саммитларнинг асосий мавзуси бўлди. Ар-Риёдда Араб Давлатлари Лигаси ва  Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг фавқулодда қўшма саммити, Истанбулда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған бошчилигида ўтган “Фаластин учун ягона юрак” биринчи хонимлар саммити шу мақсадда чақирилди. Остонада ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ва Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик кенгашининг 16-саммитида ҳам шу мавзу кўтарилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо BRICS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг