Остонада "юмшоқ куч”ларсиз йиғилган кучлар
Таҳлил
−
06 Ноябрь 2023
42613 ноябрь. Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев номи билан номланган собиқ Нур-Султон, ҳозирда Остона номига қайтган пойтахти бир вақтлар Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси билан ташкил топган Туркий Давлатлар Ташкилотининг 10-юбилей саммитига мезбонлик қилди.
Унда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва кузатувчи мамлакатлар – Венгриядан Бош вазир Виктор Орбан, Туркманистондан Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов иштирок этди. Шимолий Кипр Турк Республикаси раҳбари эса саммитга келмади. Хўш, нега айнан Шимолий Кипр Турк Республикасига алоҳида тўхталяпмиз? Буни бироздан кейин билиб оласиз.
Остонада ўтган саммитга анъанага кўра Soft power, яъни юмшоқ кучлар, мамлакатларнинг биринчи хонимлари келмади. Бу ҳам бўлса мезбон Қосим-Жомарт Тўқаевнинг талаби бўлса, ажабмас. Ҳа, айнан талаби. Чунки бугунгача Тўқаев ҳеч қаерда турмуш ўртоғи билан кўриниш бермаган. Бошқа мамлакатларда бўладиган тадбирларга ҳам рафиқасини олиб бормайди. Кўпчилик унинг оиласи тинч-тотувлиги, хотини билан бирга яшашига шубҳа билан қарайди.
Ҳатто, рафиқасини умуман оммага кўрсатмаган Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам 2021 йилнинг 27 ноябрь куни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг Ашхободда ўтган саммитига турмуш ўртоғи Эмина Эрдўғанни етаклаб борган Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ёнига рафиқаси Оғулгерек Бердимуҳамедовани олиб чиққанди. Ўшанда жамоатчилик биринчи марта Туркманистон Биринчи хонимини кўрган.
Бу галги саммитда оммага кўринишдан қочадиган Биринчи хоним йўқ эди. Агар Қозоғистон томонидан таклиф бўлса биринчи хонимлар келарди, худди ўтган йили Самарқанд саммитига Зироат Мирзиёева бошчилигида Меҳрибон Алиева, Эмина Эрдўған ва Анико Леваи тўплангани каби. Лекин, афсуски, Самарқандда тугилган тоғоралар Остонада очилмади.
Ҳа, майли, жаноб Тўқаевнинг рафиқаси борди-келди қилмай қўяверсин. Биз эса Туркий Давлатлар Ташкилотининг 10-юбилей саммити қандай ўтганига назар ташлайлик.
Саммитда модераторлик мезбон Тўқаевнинг чекига тушди ва у илк сўзни 2023 йилда Туркий Давлатлар Ташкилотига даврий раислик қилган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга берди. Ўзбекистон Президенти сўзини Билга Хоқоннинг “Эй туркий элим, ўзлигингга қайт, ўзингни англа – янада юксалгайсан!” деган сўзлари билан бошлади.
Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевни "қадрли биродарим" деб атаб, унинг етакчилигида Озарбайжон оламшумул ютуқларни қўлга киритаётганини урғулади. Озарбайжон Арманистон устидан ғалаба қилиб, Қорабоғ ерларини қайтариб олиш орқали 30 йиллик адолатни ва мамлакат ҳудудий яхлитлигини тиклагани билан табриклади.
Мирзиёевнинг нутқи бошқаларникига қараганда анча жонли, таклифлари жўяли бўлди. Буни тилёғламалик деб қабул қилишга шошилманг. Кейин нутқларда бошқа раҳбарлар нима деганига ўзингиз гувоҳ бўласиз.
Нутқнинг биринчи ютуғи шундаки, Мирзиёев биринчи бўлиб Фаластин масаласини кўтарди. Унинг айтишича, бугунги кунда жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора авж олмоқда. Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келмоқда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кучаймоқда.
“Яқин Шарқда узоқ вақтдан буён давом этаётган Фаластин-Исроил муаммосининг ниҳоятда хавфли тус олгани барчамизни жиддий хавотирга солмоқда. Қуролли тўқнашувда тинч аҳоли, айниқса, кексалар, аёллар ва болалар орасида қурбонлар ва жароҳат олганлар сони кескин ортиб, низонинг кенг ёйилиб кетиш хавфи кучаймоқда”, деди Президент.
Мирзиёев яна дадил томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериб, ўт очишни тўхтатишга, гуманитар мақсадларда муросага келишга чақирди.
“Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими – низони “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишдир”, деди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбарининг айтишича, Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга.
Мирзиёев Фаластин масаласига тўхталиб, қўшни Афғонистонни ҳам унутгани йўқ. Унинг қайд этишича, Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталик ўрнатиш минтақада стратегик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий шартидир. Аммо дунё Афғонистонни жуда тез унутди.
“Бизга минтақавий шериклик ва барча қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этадиган, тинч ва барқарор Афғонистон керак. Биз илгари сураётган Трансафғон темирйўлини барпо этиш ташаббуси айнан мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади”, дейди Президент.
Шунингдек, давлат раҳбари Туркий Давлатлар Ташкилоти доирасида амалга оширилиши керак бўлган 6 та таклифни илгари сурди. Таклифлардан экология масалаларидан ёшларга оид сиёсатгача, “Туркий дунё хартияси”ни ишлаб чиқишдан тортиб, глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш масаласигача ўрин олган.
Кейинги сўз навбати Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевга тегди. Қорабоғни деб бошидан анча оғир кунлар ва қирғинларни кечирган Озарбайжон сўнгги 30 йил ичида ҳарбий нуқтайи назардан мустақил ва мустаҳкам бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди ва бунга қисман бўлса-да эриша олди. Шу боис у ўзини ҳам бошқаларни ҳам кўпроқ мудофаа, кўпроқ хавфсизлик ҳақида ўйлашга ундамоқда. Сўз бошида Алиев Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар ўзаро хавфсизлик, мудофаа, мудофаа саноати каби соҳаларда ҳамкорликни янада ошириш кераклигини алоҳида қайд этди.
“Афсуски, бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида халқаро ҳуқуқ нормалари қўпол равишда бузилмоқда. Урушлар, қонли тўқнашувлар бошланади. Бунда хавфсизликнинг асосий кафолати, биринчи навбатда, мамлакатларнинг мудофаа салоҳиятига айланади”, деган Алиев
Унинг қайд этишича, Арманистон 30 йилга яқин Озарбайжон ерларини босиб олиб, у ерда ноқонуний уйдирма тузум яратди. Арманистон томонидан олиб борилган этник тозалаш оқибатида бир миллиондан ортиқ озарбайжонликлар ўз ота-боболари заминидан қувилган. Арманистон шаҳар ва қишлоқларни ер билан яксон қилди, тарихий ва диний ёдгорликларни вайрон қилди, бузди. Шу тариқа Алиев Озарбайжон 3 йил ичида қандай қилиб Арманистонни мағлуб қилгани ва Қорабоғни қайта эгаллаганини айтиб берди.
Албатта, 30 йил давомида вайрон қилинган Қорабоғни оддий шаҳар ва қишлоқлар билан тенглаштириш анчайин қийин. Шахсан мен ўз кўзларим билан кўрганман Қорабоғни, унинг йўқ қилинган тарихини, обидаларини, чўчқа хиди анқиб ётган масжидларини. Бу шунчаки вайрона эмас, балки Арманистоннинг бузғунчи сиёсати оқибатлари.
Ҳозирда Қорабоғни тиклаш осон кечаётгани йўқ. Тез фурсатда Бакудан Қорабоғга йўл солинди, Фузулийда аэропорт, Шушада қўша-қўша меҳмонхоналар қурилди. Буларнинг барчасига 7 миллард АҚШ доллари сарфланди. Албатта, дўст мамлакатлар ҳам томошабин бўлиб қараб тургани йўқ. Масалан Ўзбекистон ка-а-атта мактаб қуриб берди. Қозоғистон ҳам бир нималар қуряпти. Алиев сўзида давом этиб, Фузулий шаҳрида қурилиши тугалланган мактаб учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга яна бир бор миннатдорлик билдирди.
Ёш келса ишга деган гап бор туркий халқларда. Жапаров ҳам нутқида кўпроқ инвестицион лойиҳалар, пуллик масалалар, хусусан яқинда ташкил топган Туркий инвестиция фонди ҳақида гапирди. Тўғри-да, унинг боши бошқаларникидан кўра балога ботган. Унга қарзга ботган Қирғизистон мерос қолди.
Президентнинг сўзларига кўра, жорий саммит “инқироз даврида” ўтмоқда.
Жапаров, шунингдек, ташкилот доирасида “сайёҳлик маршрутлари”ни фаолроқ ишлаб чиқиш ва Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятини 2025 йилда “турк дунёсининг сайёҳлик маркази” деб эълон қилишни таклиф қилди.
Туркий Давлатлар Ташкилотининг 11-саммити эса 2024 йилнинг ноябрь ойида Қирғизистонда ўтказилади. Бу таклифни Жапаровнинг ўзи билдирди.
“Қирғизистон Республикаси 2024 йилда республика ҳудудида навбатдаги ТДТ саммитини ўтказишга тайёр. Фурсатдан фойдаланиб, сизларни Қирғизистонда бўлиб ўтадиган 11-ТДТ йиғилишида иштирок этишга таклиф қилмоқчиман”, деди Жапаров.
Сўз навбати Туркий Давлатлар Ташкилотининг оқсоқоли, таъбир жоиз бўлса энг кекса Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга. У гапни Озарбайжоннинг Арманистон устидан қозонған ғалабасидан ғурурланишини айтишдан бошлади. Туркия раҳбарига кўра, очилган имкониятлар деразасидан унумли фойдаланиш – Туркия ва Туркий дунёнинг энг катта орзуси. У айнан “имкониятлар деразаси” деб нимани назарда тутаётгани, бизга қоронғи. Эрдўғаннинг ўзи ҳам бунга таъриф бериб ўтмади, аммо Арманистонни Озарбайжон ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажаришга чақирди.
“Арманистоннинг Озарбайжон олдидаги мажбуриятларини бажариши муҳим. Нахчиванни Озарбайжоннинг ғарбий вилоятлари билан боғлайдиган транспорт линиясини амалга ошириш ҳам катта аҳамиятга эга. Йўлнинг очилиши минтақадаги барча давлатларнинг фаровонлигига катта ҳисса қўшади ва Туркияни ҳам ота-боболаримиз ватани Марказий Осиё билан боғлайди. Туркий дунё ўлароқ бу жараённинг муваффақиятли якунланиши учун Озарбайжонга ёрдамимизни давом эттиришимиз керак”, деди Эрдўған.
Ҳали Туркия Президенти Қозоғистонга келмай туриб, турк матбуотида Эрдўған Фаластин учун у қилади, Эрдўған Фаластин учун бу қилади, Туркий Давлатлар Ташкилоти саммитида Исроилнинг жиноятларини очиб ташлайди, деган баландпарвоз гаплар тарқалганди. Айнан шу гаплар саммит учун яхшигина пиар воситаси бўлди. Ҳа-ҳа, пиар бўлди, воқеанинг ўзи содир бўлмади. Эрдўған бу сафар ҳам Ғазодаги воқеаларни қоралашдан нарига ўтмади. Бу сафар эса унинг шиддати сезилмади.
“Шифохоналар, мактаблар, масжидлар, черковлар ва қочқинлар лагерлари бомбардимон қилинмоқда. Бегуноҳ болалар ваҳшийларча ўлдирилмоқда. 7 октябрдан буён гувоҳи бўлаётганимиз бу шафқатсизликни тушунтириб берадиган ёки баҳона қиладиган тушунча йўқ. Очиғини айтганда, Ғазода роппа-роса 28 кундан бери инсониятга қарши жиноятлар содир этилмоқда. Туркия ўлароқ биз бу инқироз бошланган илк даврдан принципиал ва инсонпарвар позицияни эгалладик”, деди Туркия Президенти.
Шунингдек, у, халқаро тинчлик конференцияси учун замин яратиш бўйича ҳаракатларни давом эттираётганини билдирди. Ҳозиргача Туркиядан 10 та самолёт тўла гуманитар ёрдам Ғазо секторига юборилган.
Эрдўған, саммитда, яна бир муҳим фикрни ўртага ташлади. Унинг айтишича, Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо давлатларда ягона алифбо бўлиши керак.
“Биринчи қадам – алифбо бирлигини таъминлаш. Бу борада Президентларнинг кўмаги жуда муҳим. Олий таълим кенгашимиз томонидан котибиятимизга етказилган таклифлар сиз азиз биродарларим томонидан тўғри баҳоланишига ишонаман”, деди Эрдўған.
Мана энди навбат келди Шимолий Кипр Турк Республикасига.
Гап шундаки, Кипр оролнинг Грецияга қўшилиши тарафдорлари томонидан амалга оширилган давлат тўнтариши натижасида 1974 йилда Туркия қуролли босқинидан бери этник жиҳатдан иккига бўлинган. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Кипр ҳудудининг тахминан 37 фоизи Туркия назорати остида бўлиб, Шимолий Кипр – 1983 йилда ташкил топган ва жаҳон ҳамжамиятида фақат Анқара томонидан тан олинган. Туркия Шимолий Кипрда 40 минг кишилик ҳарбий контингентини сақлаб турибди. Оролнинг жанубий қисми асосан Кипр юнонлари яшайдиган Кипр Республикаси назорати остида қолди.
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған эса қаерга борса, ўша ерга Шимолий Кипр Турк Республикасининг Президенти Эрсин Татарни етаклаб боришга, жуда бўлмаганда нутқида Шимолий Кипр Турк Республикасини эслатиб кетишга уринади. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Самарқандда ўтган Туркий Давлатлар Ташкилоти саммитидаги нутқида ҳам Эрдўған, Шимолий Кипр Турк Республикаси Туркий Давлатлар Ташкилотига кузатувчи мақомида қабул қилинганини айтди. Бунга ҳеч ким эътироз билдирмади, Самарқанд декларациясида ҳам бу ўз ифодасини топди. Қолаверса, ташкилотнинг Истанбулдаги бош штаб-квартирасига бошқа аъзо ва кузатувчи давлатларнинг байроқлари қатори тан олинмаган Шимолий Кипр Турк Республикасининг байроғи ҳам ўрнатилди. Янаям ажабланарлиси Шимолий Кипр Турк Республикасининг Президенти Эрсин Татар ташкилотнинг жорий йил 16 март куни Анқарада бўлиб ўтган навбатдан ташқари саммитида бошқа Президентлар билан бир стол атрофида ўтирди.
Энг қизиғи, Туркиядан бошқа ҳеч бир давлат парламенти Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмаган ва уни Туркий Давлатлар Ташкилоти кузатувчиси сифатида эътироф этмайди. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тарқатилган сўнгги хабарга эътибор қаратсак. Ўзбекистон раҳбарининг Остонада ўтадиган Туркий Давлатлар Ташкилоти саммитида иштирок этишини тасдиқловчи расмий ахборот сўнгида Шимолий Кипр Турк Республикаси ташкилотда кузатувчи давлат мақомига эга экани айтилмаган.
“Ташкилотга Ўзбекистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси. Қозоғистон Республикаси, Қирғиз Республикаси ва Туркия Республикаси аъзо, Венгрия ва Туркманистон ташкилотда кузатувчилардир”, деб ёзилган ахборотда.
Демакки, Ўзбекистон Самарқанд декларациясида акс этгани, байроғи штаб-квартирага илинганига қарамай, Шимолий Кипрни бу ташкилот ичида кўрмайди. Ва бу фақатгина Ўзбекистонга хос эмас, бошқа давлатларда ҳам шундай вазият. Шунга қарамай, Эрдўған ҳар нутқида Шимолий Кипрни дастаклашга уринади. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
“Буюк Туркий оиланинг ажралмас бир қисми бўлган Кипр турклари билан бирдамликда ҳаракат қилиш бизнинг фарзимиздир. Кейинги саммитимизда Шимолий Кипр Турк Республикасини ҳам қарор қилганимиздек кузатувчи аъзо сифатида орамизда кўришимизга ишонаман. Мен бу борадаги зукко раҳбарлигингизга ишонаман”, деди Эрдўған.
Шунингдек, Туркия раҳбари ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган Туркманистонни ҳам аъзолар қаторида кўрмоқчи эканини яширмади. Эрдўған бу гапларни айтаётганда эса, Гурбангули Бердимуҳамедовнинг кўзи бир айланиб тушса денг. Ва узоқ куттирмай сўз навбатини сочларига оқ оралаган Бердимуҳамедов олди.
Унинг гапларидан тушуниш мумкинки, Туркманистон Туркия ва Озарбайжон билан биргаликда ўз табиий газини Каспий денгизи орқали етказиб бериш бўйича муаммоларни тез орада ҳал этишга умид қилмоқда.
“Туркманистон табиий газини Каспий денгизи орқали Озарбайжон, Туркия ва келажакда жаҳон бозорларига чиқариш имконига эгамиз. Шу муносабат билан қардош мамлакатларимиз билан барча зарур масалаларни тез орада ҳал этиб, тегишли ишларни амалга оширишимизга қатъий ишонаман”, дейди Бердимуҳамедов.
Унинг таъкидлашича, Туркманистон қўшни ва бошқа давлатларга газ ва электр энергияси етказиб беришни кўпайтириш устида иш олиб бормоқда.
“Электр энергиясига келсак, бугунги кунда Туркманистон уни қўшни қардош Ўзбекистон ва Қирғизистонга жўнатади. Бу секторда яқин келажакда Каспий денгизи орқали қардош Озарбайжон ва Туркияга электр энергияси жўнатишимиз мумкин”, деди у.
Туркий Давлатлар Ташкилотида Европанинг овози бўлган Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқи етакчиларининг Украина билан можарода Россиянинг мағлубияти ва Москвадаги раҳбариятнинг ўзгариши ҳақидаги ҳисоб-китоблари асоссиз эканини, Европа бошқа стратегияга муҳтожлигини айтди.
"Улар Украина ғалаба қозонади, Россия эса мағлуб бўлади, шундан сўнг Россияда раҳбарият ўзгаради ва янги раҳбарият билан музокаралар олиб борилади, деб ўйлайди. Бу муваффақиятсиз режа. Бу жуда амбицияли, лекин у ишламайди” деди Орбан.
Унинг айтишича, Европа Иттифоқи етакчилари Украинанинг уруш давом эттиришини истайди. Улар Украинани молиялаштириб, қурол-яроғ билан таъминлайди. Шу муносабат билан у Европага Украина бўйича ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларини кўзда тутувчи "Б" режа зарурлигини айтган.
"Венгрия бундай режани қўллаб-қувватлайди. Биз Россия ва Украина учун мақбул бўлган янги Европа хавфсизлик архитектурасини қуришга чақирамиз” деган Орбан.
Шу тариқа Президентларнинг 1 соату 50 дақиқа давом этган саммити якунланиб, Шавкат Мирзиёевга “Туркий дунёнинг олий ордени”ни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимдаги мана бу сурат эътиборни тортади. Унда кўриб турганингиздек Ўзбекистон Президенти ва Туркия Президенти ёнма-ён ўтирибди. Алиевнинг ёнгинасидан эса Жапаров ўрин олган. Гурбангули Бердимуҳамедовни эса ўнг томонидан Эрдўған билан, чап томонидан эса Орбан билан кичик чой столлари ажратиб турибди.
Хуллас, Туркия Давлатлар Ташкилотининг навбатдаги саммити ҳам якунланиб, Президентлар қош қораймай Қозоғистонни тарк эта бошлади. Фақат рафиқасини уйга ташлаб келган Эрдўғаннинг иши бироз чўзилди. У Тўқаев билан делегациялар иштирокида учрашув ўтказди, кейин унга ўзи билан олиб келган – Туркияда ишлаб чиқарилган TOGG автомобилини совға қилди. Бугунгача бу автомобиль ташкилотга аъзо давлатлардан Озарбайжон ва Ўзбекистон Президентларига совға қилинганди. Энди Тўқаевда ҳам бор.
Сўзимиз аввалида бежиз ташкилотнинг қурилишида муҳим ҳисса қўшган Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевни эсламадик. Эрдўған Назарбоев лавозимдан кетиб, мамлакатда унга қарши намойишлар ўтказилган, мақоми туширилган бўлса-да собиқ мавқедошидан дам-бадам хабар олиб турарди. Ўтган йили Анталия тинчлик форумига ҳам таклиф қилганди. Бу сафар Қозоғистонга келиб, у билан кўришмай қайтди. Балки, кўришгандир ҳам, ҳар ҳолда бу ҳақда расмий ахборот берилгани йўқ.
LiveБарчаси