Биринчи хонимлар Ғазода тинчлик ўрната оладими?
Таҳлил
−
17 Ноябрь 2023
7751Ҳар қандай кучли лидер эркаклар ортида мутлақо ақлли аёллар туриши бор гап. Дунёда эса бундай аёллар кўп. Халқаро сиёсатни тебратаётган мамлакатларнинг раҳбарлари аёллари эса 15 ноябрь куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўғаннинг таклифига кўра, Истанбулда тўпланди. Улар орасида Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева ҳам бор.
Истанбулда Эмина Эрдўған бошчилигида “Фаластин учун ягона юрак” биринчи хонимлар саммити бўлиб ўтди. Унда Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг онаси Шайха Моза бинт Носир, Сенегал Президенти Мариеме Файе Салл, Малайзия қироличаси Тунку Азиза Аминаҳ Маймунаҳ Искандария, Ўзбекистон Президентининг рафиқаси Зироат Мирзиёева, Конго Республикаси Президентининг рафиқаси Антуанетта Сассу-Нгессо, Бангладеш Президентининг рафиқаси Ребека Султона, Босния и Герцеговина Президентлик кенгашининг хорват аъзоси Желько Комшичнинг рафиқаси Сабина Комшич, Ливан Бош вазирининг рафиқаси Май Микати, Шотландия минтақавий бош вазири Ҳамза Юсуфнинг рафиқаси Надия Ал-Накла, Ливия Бош вазирининг рафиқаси Омина Али Муҳаммад Ал-Шавуш Ал-Дилавий, Фаластин махсус вакили Фериал Камел Абдалраҳмон Салим, Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид ан-Наҳённинг рафиқаси Шайха Алязиа бинт Саиф Ал Наҳаён, Миср режалаштириш ва иқтисодий ривожланиш вазири Ҳала Алсаид ва туркманистонлик дипломат Чинор Рустамова иштирок этди.
Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёевага кенжа қизи – Ижтимоий ҳимоя агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ҳамроҳлик қилди.
Гапни бежиз ҳар қандай кучли лидер ортида, кучли аёллар туришидан бошлаганимиз йўқ. Ҳар ҳолда саммитга йиғилганлар, айниқса, Туркия биринчи хоними Эмина Эрдўған бунга қаттиқ ишонади ва Ғазо инқирозини тўхтатиш, уни қайта тиклаш ва инсониятни урушлар домидан олиб чиқишда биринчи хонимларнинг роли катта, деб ҳисоблайди.
Саммитда биринчи бўлиб нутқ сўзлаган Эмина Эрдўғаннинг айтганлари кишини ҳам ўйлантиради, ҳам қайғуга солади, ҳам кўз ёшларига сабаб бўлади.
“Укаларига “Қўрқма, яқинда ўламиз”, деб тасалли бераётган, тобутдан хавфсизроқ жойни билмайдиган болалар учун кеч қолдик. Бугун барча ўқувчилари шаҳид бўлгани учун ўқув йили расман якунланганини эълон қилган Ғазо Таълим вазирлиги ҳақида гаплашиш учун ҳам кеч. “Катта бўлганингда ким бўласан?” деган саволга “Биз фаластинлик болалар катта бўлолмаймиз” деган ва катта бўлмаган болалар учун ҳам кечикдик. Ўйинлари бомбалардан қочиш, ярадорларни замбилда ташиш, вайроналар қазиш ва шаҳид кетиш бўлган болаларнинг хотиридаги қўрқувни йўққа чиқариш учун ҳам жуда кеч. Бугун бу ерда тўпландик, чунки биз ҳамон яшаётган бегуноҳлар учун “аммо” ва “нега”ларсиз ўт очишни тўхтатишни талаб қиляпмиз”, дейди Эмина Эрдўған.
У сўзида давом этаркан, худди урушда “номаълум аскар” бўлганидек, Ғазо бундан буён номаълум болалар шаҳрига айланаётганини урғулади.
“Мен она, аёл, инсон сифатида бундай ифлос меросни кейинги авлодларга ҳисоб-китобсиз қолдиришдан бош тортаман. Исроил давлатининг барча тегишли аъзоларини содир этган барча уруш жиноятлари учун Халқаро жиноий судга тортилишларини талаб қиламан”, дейди Туркия биринчи хоними.
Эмина хонимга кўра, Исроилнинг ваҳшийликларига қарши ҳеч ким биринчи қадамни ташлай олмаяпти, чунки кўпчиликнинг бу жиноятда тарихий улуши бор.
“Бугунги этник тозалашни Яратганнинг амри ўлароқ ҳимоя қилаётганларга айтаман: Аллоҳ ҳеч бир болани ўлдиришга изн бермайди. Яратганга нисбатан бундай даҳшатли туҳмат қилишга қандай журъат қиляпсиз? Бир мусулмон сифатида мен буни кескин рад этаман. Чунки биз ишонган Аллоҳ Раҳмон ва Раҳиймдир. “Илоҳий жазога лойиқ шаҳарларда ҳам камида 10 нафар бегуноҳ инсон топилади”, деган, ўша бегуноҳларга азоб бўлмаслигини сўраган, ўзини улар учун фидо қилишга тайёр, бутун инсониятни маънавий болалари ўлароқ қабул қилган бобомиз Иброҳим (алайҳиссалом) ҳузурларига қайси юз билан чиқасиз? Қизиқ, ўз бузуқ мафкурангиз учун 4 мингдан ортиқ болани ўлдирганингизни ҳазрати Иброҳимга қандай тушунтириб берасиз?”, дейди Эминахоним.
Ернинг усти жаҳаннамга, ости эса болалар қабристонига айланганда, бу ерда ваъда қилинган келажакнинг амалга ошиши асло мумкин эмас. Эмина Эрдўған бундай вайронагарчилик асосида қурилган тартибда ким ўзини хавфсиз ҳис қилиши мумкин, деган саволни ўртага ташлади.
“Виждони кар бўлиб жим турган халқаро ҳамжамиятдан сўрамоқчиман: бу 40 кунлик шармандалик давридан кейин сиз қай юз билан дунёдаги тинчлик ва адолатни, инсониятнинг умуминсоний қадриятларини ҳимоя қиласиз?”, дейди Эмина Эрдўған.
Доимий равишда Ғарбнинг юзига “тарсаки” уриб келадиган Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси ҳам Ғарбни айблашда турмуш ўртоғидан қолишмади. Унинг айтишича, Инсон ҳуқуқлари деб қичқирадиган Ғарб Фаластинга келган ҳар қандай нормани истисно қиляпти.
Фаластинлик болалар ва ёшларга ўлиш ёки ўлдирилишдан ташқари инсоний қадр-қимматга муносиб келажак қарздормиз. Шунинг учун ҳозир пойтахти Шарқий Қуддус бўлган ва ҳудудий яхлитлиги сақланиб қолган тўлиқ мустақил Фаластин давлатини ўз ичига олган, икки давлат ечимини ваъда қилган, узоқ вақтдан бери ўтиб кетган тинчликни ўрнатиш вақти келди”, дейди Туркия биринчи хоними.
Эрдўғаннинг рафиқаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти каби халқаро бирлашмалар таркибида Исроил томонидан вайрон қилинган мактаблар, боғлар ва шифохоналарни тиклаш учун жамғарма ташкил этишга чақирди. Биринчи хонимларга юзланиб, Исроилнинг жиноятларини доимий назорат қилиб боришни, бу ҳақда ижтимоий тармоқларда жар солишни, Ғазодагиларни ёлғиз ташлаб қўймасликни сўради. У сўз якунида ўз орзусидаги Фаластин қандай бўлишини айтди.
“Бугун Фаластинни вайроналар, қон, кўз ёшлар ва тутун ичида кўришимиз мумкин, аммо бу қоронғу портрет ортида бизнинг Фаластин хаёлимиз бор. Бу фаластинлик болаларнинг дини ва миллатидан қатъи назар, Ғазо соҳилларида қўл бериб, ака-ука бўлиб югуриши орзуси. Лимон дарахтлари гул очган, қуёш нурлари зайтун шохларидаги меваларга тушган, оталар қўрқмасдан фарзандлари билан дийдорлашадиган, оналар болаларини ўпиб, қабрга эмас, бешикка ётқизадиган Фаластин”, дейди Эминахоним.
Эмина Эрдўғандан кейин сўз навбати Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёевага тегди. У қуролли тўқнашувлар оқибатида барча қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия ва ҳамдардлик билдирди. Ғазода бир ойдан ортиқ вақт давом этаётган, минг-минглаб инсонлар, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар умрига зомин бўлаётган даҳшатли воқеаларни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини қайд этди.
Унинг қайд этишича, халқаро ҳамжамиятнинг кучли эътирози ва босимига қарамай, ҳалокат ва вайронагарчилик кўлами мисли кўрилмаган даражада ортиб, унинг охири сира кўринмаяпти. Оқибатда қуролли тўқнашувларга минтақадаги янги кучларнинг тортилиш эҳтимоли тобора кучаймоқда.
Биринчи хоним ҳар икки томонни ҳам зудлик билан ўт очиш ва жанговар ҳаракатларни тўхтатишга, танг аҳволда қолган аҳолига гуманитар ёрдам етказиш учун имконият яратишга, низони фақатгина тинч, дипломатия йўли билан “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишга чақириб, Ўзбекистоннинг бу борадаги қатъий позициясини яна бир бор билдирди.
"Фаластин халқи ўз ерида мустақил давлат барпо этиб, азалий орзуси тўла ушалишини, тинч ва осойишта ҳаётга қайтишини Яратгандан сўраб қоламиз. Биз ҳам бутун дунё аҳлининг қатъий саъй-ҳаракатлари ва амалий чоралари билан инсоният қалбида катта оғриқ бўлган ушбу можаро тез кунларда барҳам топишига умид қиламиз”, дейди Зироат Мирзиёева.
Мирзиёевнинг рафиқаси Фаластин халқи билан бирдам ва якдил экани, унинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлашини айтди.
Истанбулга йиғилган биринчи хонимлар орасида Эмина Эрдўғандан 4 яшар кичик, кўриниши эса анчайин ёш бўлган Волидайи Султон – Қатар амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг онаси Шайха Моза бинт Носир Исроилнинг уруш қонуниятларини менсимаслиги ортидан Ғазода халқаро гуманитар ҳуқуқ бузилаётганини айтди.
“Халқаро гуманитар қонунлар бузилмоқда, чунки одамлар шафқатсизларча ўлдирилиб, уйлари вайрон қилинмоқда. Бу, шубҳасиз, тўлиқ қоидалар бузилишидир", дейди Шайха Моза бинт Носир.
Шайха Моза халқаро ҳамжамият Исроилнинг ваҳшийлигини тўхтата олмаганини таъкидлаб, дунё қачонгача Исроилнинг ҳаракатларига бефарқ бўлиб қолишини савол остига олди. У муаммоларни мулоқот орқали ҳал этиш тарафдори эканини билдирди ва инсониятга қарши содир этилган жиноятларга қарши туришини таъкидлади.
У халқаро босимни кучайтириш зарурлигини билдирди. Шунингдек, Қатарнинг келгуси даврда таълим соҳасига халқаро ёрдам кўрсатишга тайёрлигини қўшимча қилди. Ҳазрати Олиялари Ғазо халқига кўрсатилаётган ёрдам қарз эмас, балки бурч эканини айтди.
“Биз қилаётган барча ишларни Ғазо халқи учун қиламиз, лекин бу ҳеч қачон қарз бўлмайди. Тарихнинг бу мудҳиш дақиқаларида Ғазо аҳли умматнинг қадр-қимматини ифодалайди”, дейди Шайха Моза бинт Носир.
У Фаластин учун фақат гап билан чегараланиб қолмади. Асаби қаттиқ бузилди чоғи, ўша ернинг ўзида UNESCO’нинг яхши ният элчиси лавозимидан истеъфога чиқди. Унинг айтишича, Яқин Шарқдаги кескинлик шароитида UNESCO Ғазо секторидаги болаларни қутқариш ва уларга ёрдам бериш бўйича ўз вазифасини бажармаган.
Эмина Эрдўғаннинг гап-гаштакларида маъжозий маънода айтганда товонхона бошида турадиган Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибон Алиева саммитга келмади. Ўзи охирги пайтларда Алиева хорижий сафарга чиқмаяпти. 9 ноябрь куни Тошкентда ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммитига ҳам эрини ёлғиз жўнатди. Алиева Истанбулга бора олмаса-да Эмина Эрдўғаннинг юзидан ўта олмай, видеомурожаат йўллади.
Ижтимоий тармоқларда Озарбайжон Исроил-Фаластин можаросида кимнинг томонида экани кўп муҳокама қилинмоқда. Озарбайжон Қорабоғ урушида Туркия билан бир қаторда Исроилнинг ҳарбий ёрдамига таянгани, шунинг учун тили қисиқ дейилиб, мисоллар келтирилади, Бакунинг ҲАМАСни террорчи ташкилот сифатида тан олиши Исроилни қўллашидан далолат экани айтилади. Аммо Меҳрибон Алиева ўз нутқида Озарбайжон ким томонида эканини очиқ айтди.
“Мамлакатимиз Фаластин-Исроил можаросини халқаро ҳуқуқ ва БМТнинг тегишли резолюциялари асосида “икки давлат” тамойили асосида ҳал этиш тарафдори”, дейди Озарбайжон биринчи хоними.
Меҳрибон Алиеванинг айтганларини шунчаки Президентнинг рафиқаси – уй бекаси айтган гап, Бакунинг наздида расмий кучга эга эмас, дейиш хато бўлади. Чунки Алиева биринчи хоним бўлибгина қолмай, эрининг расман биринчи ўринбосари ҳисобланади.
Хуллас, Алиева Озарбайжон жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш чақириқларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Ва яна азага келган ўз дардини айтиб йиғлар дегандек, 30 йил давомида Арманистон Қорабоғ ерларини эгаллаб, вайрон қилгани, одамларни қирғани, масжидларни вайронага айлантирганини ва Озарбайжон қандай қилиб Қорабоғни қайтариб олганини айтиб берди.
Видеомурожаат йўллаш навбати Венесуэла Президенти Николас Мадуронинг рафиқаси Силия Флоресга. Бу хонимга ишонадиган бўлсак, Венесуэла Исроил-Фаластин можаросига уруш деб қарамайди.
“Бўлаётган воқеаларни уруш деб атай олмаймиз, чунки очиқчасига курашаётган иккита қўшин йўқ ёки томонлар бир-бирига қарши уруш эълон қилмаган. Қамал остидаги шаҳарнинг Исроил томонидан ҳаводан ва қуруқликдан бомбардимон қилинаётганини кўряпмиз”, дейди Венесуэла биринчи хоними Силия Флорес.
Ёдингизда бўлса, 9 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған рафиқаси Эмиина Эрдўған 15 ноябрь куни Фаластин учун биринчи хонимлар иштирокида йиғин қилаётганини айтиб, ушбу мавлудга ташкилотга аъзо давлатлар Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон Президентлари ва Покистон Бош вазирининг рафиқаларини таклиф қилиб кетган эди. Аммо ушбу йиғинга ташкилот давлатларидан фақат Ўзбекистон Президенти ва Покистон Бош вазирининг рафиқалари борди.
Покистон муваққат ҳукумати Бош вазири Анвар ул-Ҳақ Какарнинг рафиқаси Садия Раҳматуллоҳ ёш бўлса-да анча тиш-тирноқли чиқди. У Исроил-Фаластин масаласи ўнлаб йиллардан бери давом этиб келаётганини айтиб, бундай вазиятларни бошдан кечирган ҳар бир халқ ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эга эканлигини айтди.
“Ҳокимиятни бир қўлда ушлаб туриш фақат вақтинчалик бўлиши мумкин, абадий давом эта олмайди. Бугун халқаро майдонга назар ташлайдиган бўлсак, эҳтимол, баъзи нарсалар имконсиздек туюлади, лекин тарих ҳар доим адолатни мукофотлайди. Фаластин муаммосига доимий ечим топиш учун Фаластин давлати тузилиши керак. Шарқий Қуддус унинг пойтахти бўлиши жуда муҳимдир”, дейди Анвар ул-Ҳақ Какар.
Коронавирус пандемияси авжига чиққан пайтда ҳам бу касаллик ҳақида миқ этмай, тўй-ҳашамни ўрнига қўйган, ниқоб тақишни тақиқлаш даражасига борган Туркманистон бугун Ғазодаги воқеаларни ҳам жим кузатмоқда. Мамлакат расмийлари бу ҳақида миқ этгани йўқ. Истанбулдаги саммитда эса Туркманистон номидан дипломат Чинор Рустамова қатнашди.
У ҳам Фаластин халқи, бегуноҳ болалар ва уларнинг оналарини қўллаб-қувватлаганликларини билдириш, Фаластин учун ягона юрак сифатида овозларини дунёга етказиш учун келганини билдирди.
Рустамова Фаластин ҳудудларида тинчлик ўрнатилишига бугунгидек бирлашиш ва қўл ушлаш орқалигина эришиш мумкинлигини айтди. Лекин Туркманистон ёки унинг шахсан ўзи қаерни айнан Фаластин ҳудуди деб билишига аниқлик киритгани йўқ. Сўзи сўнгида Эмина Эрдўғанга миннатдорлик билдириб, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг рафиқаси, ҳозирги Президентнинг онаси, таъбир жоиз бўлса икки карра Волидайи Султон Оғулгерек Бердимуҳамедованинг мактубини ўқиб эшиттирди.
Хуллас, шу тариқа биринчи хонимларнинг йиғини ўз ниҳоясига етди. Саммит якунида давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларининг Ғазо сектори бўйича “Яхши ният декларацияси” қабул қилинди. Бу декларация ва саммит Исроил-Фаластин можаросини ҳал қилиш, Исроилнинг даҳшатли қирғинига нуқта қўйиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан қабул қилинган резолюция билан 1967 йилдаги чегаралар асосида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини қуришда қанчалик аҳамият касб этади, Исроил ва унга ёрдам бераётган давлатларни қанчалик тийиб қўяди, буниси бизга қоронғи.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь