Янги Сурияда террор ташкилотларига жой йўқ – Эрдўған
Олам
−
08 Январь
2680Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ироқ Курд минтақавий бошқаруви (КРАИ) Бош вазири Масрур Барзонийни қабул қилди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Эрдўған ва Барзоний аввалига яккама-якка учрашув ўтказган, сўнгра кенгайтирилган делегациялар форматида музокаралар бўлиб ўтган.
Президент минтақа барқарорлиги ва фаровонлигини оширадиган лойиҳаларни, айниқса, “Тараққиёт йўли” лойиҳасини амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган.
Учрашувда Туркиянинг ўлка билан алоқалари ва минтақавий масалалар муҳокама қилинган. Президент Эрдўған Суриядаги воқеаларни ҳисобга олиб, Туркиянинг Ироқ барқарорлиги ва хавфсизлигини сақлашга катта аҳамият беришини ва Суриядаги воқеалар минтақада янги беқарорликка олиб келмаслигини таъминлашга ҳаракат қилишини айтган.
Туркия давлати раҳбарининг сўзларига кўра, янги Сурияда террорчи ташкилотлар ва уларга алоқадор унсурларга жой йўқ.
“Тараққиёт йўли” лойиҳаси
Тараққиёт йўли лойиҳаси Туркияни 1200 километрлик темирйўл ва автомобиль йўли билан Форс кўрфазидаги Фав портига боғлайди. Янги Ипак йўли сифатида белгиланган лойиҳа Европадан Форс кўрфази мамлакатларигача бўлган кенг ҳудудга таъсир қилади ва умумий фойда келтиради. Пекиндан Лондонгача чўзилган бу йўналиш ҳар йили 600 миллиард доллардан ортиқ савдо айланмасининг марказида бўлади.
Маълумот учун, Ироқ Курд минтақавий бошқаруви (КРАИ) – Ироқнинг жанубий қисмида жойлашган ва курдлар томонидан бошқариладиган минтақавий ҳукуматдир. У 2005 йилда Ироқнинг Конституцияси асосида ташкил топган. КРАИ ўзининг иқтисодий ва сиёсий мустақиллиги, шунингдек, ўз парламенти ва бошқарув тизимига эга. Минтақа ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан мустаҳкам ривожланишга интилади. Бироқ бошқарув ва хавфсизликни таъминлашда кўплаб муаммолар мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия ва Иордания Сурияда инклюзив ҳукумат яратиш ва барқарорликни таъминлаш борасида ушбу давлатни қўллаб-қувватлашга келишиб олганди. Пойтахт Анқарада 3+3 форматида бўлиб ўтган учрашувда ас-Сафадий бошчилигидаги Иордания делегацияси билан музокараларда Туркия Мудофаа вазири Яшар Гюлер ва Разведка хизмати раҳбари Иброҳим Қалин ҳам бўлган.
LiveБарчаси