Туркия ва Иордания Сурияни қўллаб-қувватлашга келишиб олди
Олам
−
06 Январь
1522Туркия ва Иордания Сурияда инклюзив ҳукумат яратиш ва барқарорликни таъминлаш борасида ушбу давлатни қўллаб-қувватлашга келишиб олди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Анқарада иорданиялик мавқедоши Айман Ҳусайн Абдуллоҳ ас-Сафадий билан музокаралардан сўнг айтиб ўтди.
“Биз Сурияда барқарорликни таъминлаш муҳимлигини таъкидладик ва халқаро, минтақавий даражада янги ҳокимиятларни, жумладан, инклюзив ҳукумат яратиш масаласида қўллаб-қувватлашимиз ва уларга қандай чоралар кўриш кераклиги ҳақида ўз фикримизни билдиришимиз кераклигига келишиб олдик. Имкон қадар тезроқ барқарорликни таъминлаш, асосий хизматларни тақдим этиш учун биз Сурия халқи ва Сурия ҳукумати билан тўлиқ бирдам бўлишга келишиб олдик ва Сурияни қайта тиклаш бўйича ҳамкорлик бўйича фикр алмашдик”, деган Фидан.
Пойтахт Анқарада 3+3 форматида бўлиб ўтган учрашувда ас-Сафадий бошчилигидаги Иордания делегацияси билан музокараларда Туркия Мудофаа вазири Яшар Гюлер ва Разведка хизмати раҳбари Иброҳим Қалин ҳам бор эди. Дипломатик манбалардан олинган маълумотларга кўра, ас-Сафадийга Иордания Бош штаб бошлиғи генерал-майор Юсуф Ҳунейти ва Разведка бошқармаси бошлиғи генерал-майор Аҳмад Ҳусний ҳамроҳлик қилган.
Ас-Сафадий Туркияга охирги марта 2024 йил 15 октябрда ташриф буюрган. Фидан 2024 йилнинг 14 декабрь куни Сурия бўйича йиғилишда иштирок этиш учун Иорданиянинг Ақаба шаҳрига ташриф буюрган ва иорданиялик мавқедоши билан учрашган. Фидан 23 декабрь куни Сафадий билан телефон орқали ҳам гаплашган.
Минтақадаги икки муҳим ҳамкор бўлган Туркия ва Иордания ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашув ва ўзаро ташрифлар кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Икки давлат минтақадаги ўзгаришларга жавобан икки томонлама ва кўп томонлама яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
2024 йил ноябрь ҳолатига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1 миллиард долларга етди ва бу кўрсаткични янада ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германиянинг Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш вазири Свенья Шульце федерал ҳукумат Сурияга ёрдам берадиган бир қанча лойиҳаларда иштирок этиши ҳамда бу мақсадлар учун жами 60 миллион евро ажратилишини маълум қилганди.
LiveБарчаси
07 Январь