Ҳайдовчиси юрак хуружига учраган микроавтобус денгизга қулади. Қурбон бор
World
−
12:15 147 2 minutes
Туркиянинг Баликесир вилояти Айвалик туманида ҳайдовчиси юрак хуружига учраган микроавтобус денгизга қулади. Оқибатда 31 ёшли ҳайдовчи ҳалок бўлди, 10 нафар йўловчи, жумладан, бир чақалоқ жароҳатланди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 16 ноябрь куни соат 12:30 атрофида Отатурк булварининг 06-меки ҳудудида содир бўлган. Айвалик–Саримсакли йўналишида қатнаётган микроавтобус ҳайдовчиси Батухон Йилмаз рулда кетаётиб юрак хуружига учраган. Оқибатда у транспорт воситаси бошқарувини йўқотган ва микроавтобус йўловчилари билан бирга қирғоқдан денгизга қулаган.
Воқеани кўрган фуқаролар йўловчиларни қутқаришга шошилган. Микроавтобус сувга бота бошлагач, ичкарида қолганларни чиқариш учун қирғоқдан транспорт воситасига нарвон узатилган.
Хабар берилиши билан воқеа жойига тез тиббий ёрдам, ёнғин хавфсизлиги, Соҳил хавфсизлиги ва полиция ходимлари етиб келган. Қутқарувчилар фуқаролар кўмагида ҳайдовчи ва йўловчиларни сувдан олиб чиққан. Ҳайдовчига воқеа жойида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ уни сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Ҳодиса оқибатида жароҳатланган 10 нафар йўловчи, жумладан, бир чақалоқ Айвалик давлат шифохонасига ётқизилган. Уларнинг аҳволи яхши экани билдирилган. Денгизга қулаган микроавтобус кейинчалик юк крани ёрдамида сувдан чиқарилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Флорида штати Майами шаҳри яқинида кичик вертолёт сувга қулаган эди. Ҳодиса оқибатида учувчи ҳалок бўлиб, вертолётдаги яна икки киши оғир жароҳатланган эди.
Live
All