Ислом олами Исроилга қарши бирлашадими?
Таҳлил
−
13 Ноябрь 2023
758011 ноябрь куни Саудия Арабистонида Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб давлатлари лигасининг навбатдан ташқари қўшма саммити бўлиб ўтди. Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд томонидан ташкиллаштирилган мазкур саммитда кўплаб давлатлар раҳбарлари, хусусан, Эрон Президенти Иброҳим Раисий, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Қатар Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний, Сурия Президенти Башар Асад, Иордания Қироли Абдулла II, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров каби етакчилар қатнашди. Ўзбекистон делегациясига эса Бош вазир Абдулла Арипов бошчилик қилди.
Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти қўшма саммитининг якуний баёноти қабул қилинди. Унда бир нечта масалалар бўйича Араб ва Ислом давлатларининг якдил позициясини кўриш мумкин.
Жумладан, Араб ва ислом давлатлари Ғазо секторидаги жангларни тўхтатиш учун Халқаро гуманитар ҳуқуқни бузувчи босқинчи давлат томонидан тажовузни тўхтатиш бўйича якуний ва қонуний кучга эга қарор қабул қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилишини билдирди.
Саммит иштирокчилари БМТ Бош Ассамблеясининг Фаластин анклавида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияси муҳимлигини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, бу талабга эътибор бермаслик Исроилга бегуноҳ одамлар, болалар, қариялар ва аёлларни ўлдириш, Ғазо секторини харобага айлантириш орқали ўзининг шафқатсиз тажовузини давом эттиришга имкон беради.
Саммит иштирокчилари халқаро ҳамжамиятни Исроилга қурол экспорт қилишни тўхтатишга чақирган.
"Биз барча мамлакатларни армия ва кўчманчилар Фаластин фуқароларини ўлдириш ва уларнинг уйлари, шифохоналари, мактаблари, масжидлари ва черковларини вайрон қилиш учун ишлатадиган босқинчи ҳокимиятларга қурол ва ўқ-дориларни экспорт қилишни тўхтатишга чақирамиз", дейилади ҳужжатда.
Шунингдек, улар Халқаро жиноий суд прокуроридан Исроилнинг Ғазо секторида содир этган “ҳарбий жиноятлари”ни текширишни сўраган.
Саммит иштирокчилари Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти котибиятларига Исроил армияси Фаластин анклавида содир этиши мумкин бўлган ҳарбий жиноятлар далилларини ҳужжатлаштиришни топширган. Баёнотга кўра, ҳудудий ташкилотлар котибиятлари томонидан ОАВ фаолиятини назорат қилиш бўйича иккита комиссия тузилади. Ташкил этилганидан кейин 15 кун ичида улар Ташқи ишлар вазирлари даражасидаги Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти Кенгашларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот тақдим этиши керак. Кейин ҳар ойда эҳтимолий ҳарбий жиноятлар ҳақида далиллар тақдим этилади.
Шунингдек, хужжатда Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари Яқин Шарқдаги можаронинг сўнгги авж олиши оқибатида гаровга ёки ҳибсга олинган барча одамларни озод қилишга чақирган.
“Биз ишғолчи армия (Исроил мудофаа кучлари назарда тутилмоқда), яҳудий кўчманчилар томонидан содир этилган қотилликларни, шунингдек, Ал-Ақсо масжиди ҳамда барча ислом ва насроний зиёратгоҳларига қилинган ҳужумларни тўхтатишга чақирамиз. Биз халқаро ҳамжамиятга яҳудий радикал гуруҳларини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритишни сўраб мурожаат қиламиз”, дейилади ҳужжатда.
Якуний баёнотда тақиқланган қуроллардан фойдаланиш масаласи ҳам бор.
Араб лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари Кимёвий Қуролларни Тақиқлаш Ташкилотидан Исроилни халқаро конвенцияларда тақиқланган қуроллардан фойдалангани учун текширишни сўраган.
"Исроилнинг Ғазо сектори ва Ливанга ҳужумларида халқаро миқёсда тақиқланган оқ фосфорли ўқ-дорилардан фойдаланганини ҳамда Ливанни "тош даври"га қайтариш ҳақидаги бир неча бор баёнотлари ва таҳдидларини қоралаган ҳолда, тегишли текширув ўтказиш учун Кимёвий Қуролни Тақиқлаш Ташкилотига мурожаат қилишни зарур деб ҳисоблаймиз", дейилади ҳужжатда.
Саммит иштирокчилари, шунингдек, “Исроил босқинчи ҳукумати аъзоларининг экстремистик ва мисантропик баёнотлари, жумладан, вазирлардан бирининг Ғазо секторида Фаластин халқига қарши ядро қуролини қўллаш таҳдиди”ни ҳам қоралаган. Шу муносабат билан баёнот муаллифлари конференциянинг навбатдаги сессиясини Яқин Шарқда ядро қуроли ва оммавий қирғин қуролларининг бошқа турларидан холи ҳудуд яратиш масаласи бўйича ўтказиш зарурлигини таъкидлаган.
Шунингдек, иштирокчи давлатлар Фаластин ҳукумати ва БМТнинг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлигига молиявий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш учун исломий молиявий хавфсизлик тармоғини ишга тушириш ниятида эканини тасдиқлаган. Қайд этилишича, молиявий хавфсизлик тармоғи можаронинг қизғин босқичи тугагандан сўнг, Ғазо секторини қайта қуриш ва Исроил агрессиясининг ҳалокатли оқибатларини бартараф этишда халқаро ҳамкорларни жалб қилиш зарурлигини кўрсатади.
Баёнотда Ғазога нисбатан икки томонлама стандартлар сиёсати олиб борилаётгани ҳам айтилган.
Унга кўра, Араб Лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти давлатлари Исроил ва Ғазо секторига нисбатан икки томонлама стандартлар сиёсатини қоралайди. Таъкидланишича, бу иккилик сиёсати Исроилни ҳимоя қиладиган ва уни қонундан устун қўядиган давлатларга ишончни йўқотади.
“Биз халқаро ҳамжамиятни Исроилни босқинчи давлат сифатидаги мажбуриятларини бажаришга жалб қилишга ва Фаластин халқига гуманитар ёрдамдан зудлик билан, хавфсиз ва барқарор фойдаланиш имкониятини беришга чақирамиз”, дейилади ҳужжатда.
Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти қўшма саммитининг якуний баёноти ўз-ўзидан қабул қилингани йўқ. Бу баёнотга қадар саммитда иштирок этган давлат ва ҳукумат раҳбарлари ўз позицияларини билдириб чиқиш қилган. Чиқишда илгари сурилган фикрлар эса якуний баёнотда ўз аксини топган. Жумладан, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий Халқаро судни Ғазо секторини ўққа тутгани учун Исроил ва АҚШни жазолашга чақирган.
“Сионист ва америкалик жиноятчи етакчиларни таъқиб қилиш ва жазолаш учун халқаро суд ташкил этиш зарур”, дейди Эрон Президенти.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд эса БМТ Хавфсизлик кенгашини Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш учун Исроилга таъсир ўтказа олмаганликда айблади. У, шунингдек, Ғазо секторидаги жангларни тўхтатиш ва ҲАМАС томонидан гаровга олинганларни озод қилишга чақирган.
“Биз гуманитар фалокатга дуч келдик, бу БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва халқаро ҳамжамият Исроил жиноятларига чек қўя олмаганидан далолат беради, бу икки томонлама стандартлар сиёсатининг намоёнидир. Биз яна Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларини зудлик билан тўхтатишни талаб қиламиз ва асирга олинганларни озод қилишга чақирамиз”, деган валиаҳд шаҳзода.
Бундан ташқари, Муҳаммад бин Салмон Яқин Шарқдаги можарони тўхтатишнинг ягона йўли фаластинликларнинг пойтахти Шарқий Қуддус бўлган ўз мустақил давлатига эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш эканлигини таъкидлаган.
Ўз навбатида, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳар доим инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳақида гапирадиган Ғарб давлатлари фаластинликларнинг давом этаётган ўлдирилиши олдида сукут сақлаётганини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Ғарб ва ўзини Ғарбнинг қулоқсиз боласидек тутаётган Исроил фаластинликларга етказилган зарар ва вайронагарчиликни қоплаши керак. Эрдўғанга кўра, бир неча соатлик жанговар ҳаракатларни тўхтатиш эмас, балки доимий ўт очишни тўхтатиш зарур.
Бу масалада Тожикистон Президенти ҳам жим тургани йўқ. Унинг такидлашича, Тожикистон ушбу ҳудудда минглаб тинч аҳоли, жумладан, болалар ва аёлларнинг ўлимига, кўп сонли одамларнинг яраланиши ва ҳаётий муҳим инфратузилманинг вайрон бўлишига сабаб бўлган фуқаролик объектларига қилинган ҳужумни кескин қоралайди. Шунингдек, у Тожикистон тарихидаги фуқаролар урушини ҳам эслаган.
“Ўзининг замонавий тарихида бузғунчи фуқаролар урушини бошидан кечирган Тожикистон тинчликпарвар қадамлар ва барча жаҳон муаммолари ва можароларини тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори”, дея хулоса қилган Имомали Раҳмон.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров эса Халқаро ҳамжамият Ғазо секторида тинч аҳолига қилинган ҳужумларни кенг миқёсда қоралаши керак деб ҳисоблайди.
Араб ва ислом дунёси давлатларини Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш учун Исроил билан муносабатларни тўхтатишга чақирганлар ҳам бўлди. Бу Сурия Президенти Башар Асад эди.
"Агар бизда босим учун ҳақиқий воситалар бўлмаса, кейинги қадамлар қўйишдан маъно бўлмайди. Ҳеч бўлмаганда бизда сиёсий воситалар бор. Аввало, биз сионистик бирлашма билан ҳар қандай сиёсий алоқаларни тўхтатишимиз керак. Биринчи навбатда иқтисодий алоқаларни", дейди Сурия Президенти.
Унинг сўзларига кўра, Исроил билан муносабатларни тиклаш шарти Ғазо секторидаги "тажовузни тўхтатиш" бўлиши керак.
Саммитда Ўзбекистон номидан қатнашган Бош вазир Абдулла Арипов ҳам чиқиш қилиб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир неча бор таъкидлаганидек, Фаластиннинг мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини билдирган.
“Биргаликда эканимизни яна бир бор қатъий билдирамиз. Ўзбекистон Фаластиннинг БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг муқаддам қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди”, дейди Бош вазир.
Арипов томонларни гуманитар мақсадларда зудлик билан кенг қамровли муросага келишга, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга ва можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирган. Шунингдек, у Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва унга аъзо давлатлар доирасида ушбу муаммони ҳал қилишга қаратилган конструктив ташаббуслар ва дипломатик саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
“Мусулмон умматининг тинчлиги, фаровон турмуши ва равнақи йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларимизда Аллоҳнинг Ўзи мададкор бўлсин. Эътиборингиз учун раҳмат”, дея хулоса қилган Абдулла Арипов.
Қозоғистон томони эса Ғазо сектори аҳолисига озиқ-овқат билан боғлиқ гуманитар ёрдам дастурини амалга ошириш учун Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ҳамкорлик ташкилотидан фойдаланишни таклиф қилган.
Мамлакат ТИВ раҳбари Мурат Нуртлеу ҳозирда Ғазо секторида бўлган Қозоғистоннинг 150 дан ортиқ фуқароси, жумладан, аёллар ва болалар Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали ҳудудни тарк эта олмаётганидан хавотир билдирди. У Миср ва барча манфаатдор томонларни Қозоғистон фуқаролари, уларнинг оила аъзолари ва бошқа хорижликларни Ғазо секторидан эвакуация қилишга рухсат беришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон республика фуқаролари Рафаҳдан ўтишга рухсат берилган заҳоти дарҳол уларни ўз ватанига қайтишини таъминлаш чораларини кўрган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь