АҚШ ва ЕИ Россия “гардан”идаги санкцияларни кўпайтиради
Олам
−
23 Март 2022
7370Америка Президенти Жо Байденнинг Брюсселга бўлажак ташрифи ортидан АҚШ ва Европа Иттифоқи Россия Федерациясига қарши қўшимча санкциялар киритади ва мавжудларини кучайтиради. Бу ҳақда Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан маълум қилди.
“У [Байден] Россияга қарши кейинги санкцияларни қўллаш ва чекловларни четлаб ўтишга қарши чоралар кўриш ва [уларнинг] ишончли бажарилишини таъминлаш учун мавжуд санкцияларни кучайтиришда ҳамкорларимизга қўшилади”, дейди Салливан.
Унинг сўзларига кўра, янги санкциялар эртага, 24 март куни иттифоқчилар билан Брюсселдаги муҳокамалардан сўнг эълон қилинади. Шу билан бирга, Салливан келажакдаги чекловларнинг тафсилотларини олдиндан эълон қилишдан бош тортган.
“Фақат шуни айтаманки, ушбу эълоннинг асосий элементларидан бири нафақат янги санкциялар қўшиш, балки ҳар қандай давлатнинг Россияга ёрдам беришга уринишини бартараф этадиган санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни таъминлашга қаратилган”, дея тушунтирган Америка раҳбарининг ёрдамчиси.
Салливанга кўра, Россияга нисбатан ақл бовар қилмайдиган даражада кучли иқтисодий босим яратилган.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи давлатлари Украинада давом этаётган инқироз муносабати билан Россияга қарши янги санкцияларни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазирлиги Давлат котиби Клеман Бон маълум қилган.
“Сўнгги кунларда биз [Украинада] жанговар ҳаракатлар кучайганини кўрдик. Янги санкциялар тез орада ишлаб чиқилиши аниқ. Ҳозир бу борада муҳокамалар давом этмоқда. Биз кескинликни пасайтириш аломатларини кўрмаяпмиз. Шунинг учун Европа Иттифоқи Россияга босим ўтказишда давом этади”, деган Бон.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси