АҚШ урушда ким ғалаба қозонишини айтди

Олам

image

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Украина Россия билан уруш қанча давом этмасин, ғалаба қозонишига ишонч билдирди. Бу ҳақда у бугун, 7 март куни Вильнюсда Литва Ташқи ишлар вазири Габриэлюс Ландсбергис билан қўшма матбуот анжуманида маълум қилди. 

“АҚШ ва Литва демократия, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига чуқур содиқдир. Бу қадриятлар Россия Украинага қарши урушда таҳдид солаётган умумий хавфсизлигимизнинг асосини ташкил этади”, дейди Блинкен. 

Унинг таъкидлашича, Литва кўп йиллар давомида Совет Иттифоқи истилосида бўлган давлат сифатида миллий суверенитет муҳимлигини яхши тушунади.  

“Сўнгги йилларда Россия истиқлол йилларида мустақил жамият шаклланган Литвада демократик асосларга зарар етказиш учун бир неча бор қадамлар қўйди. АҚШ Литванинг НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайди”, дейди Давлат котиби. 

Энтони Блинкеннинг айтишича, АҚШ Украина мудофаа қобилиятини ошириши учун Киевга ёрдамни кўпайтирмоқда. 

“Биз Украина халқига гуманитар ёрдам кўрсатамиз. Иттифоқчилар потенциал таҳдидга жавоб бера олишлари учун биз умумий ҳимоямизни кучайтирмоқдамиз. Биз бу урушни қўллаб-қувватлаганларни, хусусан, Москвани оғир бадал тўлашга мажбур қиламиз”, дейди Блинкен. 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 7 март куни Россия Федерацияси Вазирлар Маҳкамаси Россияга, унинг компаниялари ва фуқароларига нисбатан нодўстона ҳаракатларни амалга оширувчи хорижий давлатлар ва ҳудудлар рўйхатини тасдиқлади. Рўйхат аввалидан АҚШ жой олган. 

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Энтони Блинкен Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

666

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг