АҚШ Украинага “спецназ”ини юбормоқчи

Олам

image

Пентагон ва Давлат департаменти расмийлари АҚШнинг Украинадаги қайта очилган элчихонаси хавфсизлигини таъминлаш учун Киевга махсус кучлар бўлинмасини юбориш имкониятини муҳокама қилмоқда. “The Wall Street Journal”нинг ёзишича, агар бундай қарор тасдиқланса, контингент фақат дипломатик миссияни ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

Бунга қўшимча равишда, одатда бутун дунё бўйлаб АҚШ дипломатик ваколатхоналарини қўриқлайдиган АҚШ денгиз пиёдаларини тиклаш режалари муҳокама қилинмоқда. Шу билан бирга, газета қайд этишича, бу борада АҚШ Президенти Жо Байден, Пентагон раҳбари Ллойд Остин ва АҚШ Қуролли Кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раҳбари Марк Миллига расмий сўровлар бўлмаган.

Шу билан бирга, ҳарбий идоранинг айрим вакиллари Украина Қуролли Кучларини тайёрлаган махсус кучларни Украинага қайтаришни хоҳлаётгани айтилмоқда. Айни дамда АҚШнинг Киевдаги элчихонаси Давлат департаменти қошидаги Дипломатик хавфсизлик хизмати томонидан қўриқланади. Айни дамда АҚШнинг Киевдаги элчихонаси Давлат департаменти қошидаги Дипломатик хавфсизлик хизмати томонидан қўриқланади.

Пентагоннинг ўша пайтдаги Матбуот котиби Жон Кирби 19 май куни АҚШ Мудофаа вазирлиги Давлат департаменти билан Украина пойтахтидаги Америка элчихонаси хавфсизлигини кучайтириш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини айтганди.

18 май куни, уч ойлик танаффусдан сўнг, АҚШ расмийлари Киевдаги ўз элчихонаси ишини тиклади, дипломатик ваколатхона ходимлари хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чоралар кўрилди. Февраль ойида Қўшма Штатлар элчихонасини вақтинча Киевдан Львовга кўчирганди. Кейинроқ Давлат департаменти АҚШнинг Украинадаги дипломатик корпусининг асосий қисми Польшада ишлаётгани ҳақида хабар берди. 2 май куни АҚШ элчихонаси Польшадан Лвовга қайтди.

Қайд этиш керакки, АҚШ Президенти Жо Байден Россия ҳужуми бошланмасидан олдин Украинага ҳарбийлар юбормаслигини бот-бот такрорлаганди.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг