АҚШ Украинага рус генералларини “овлаш”га ёрдам берган – NYT
Олам
−
05 Май 2022
12908АҚШ Украина армиясига мамлакатдаги бир неча россиялик генерални топиш ва ўлдиришда ёрдам берган разведка маълумотларини тақдим этган. Бу ҳақда кеча, 4 май куни “The New York Times” газетаси америкалик юқори мартабали амалдорларга таяниб, хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, америкаликлар украиналикларга доимий равишда ўз жойлашувини ўзгартириб турувчи Россия мобил қўмондонлик пунктларининг геолокацияси ва бошқа тафсилотлари ҳақида реал вақт режимида маълумот беришга эътибор қаратган. Украиналиклар ушбу маълумотни ўзларининг разведка маълумотлари, жумладан, Россия ҳарбийларининг ушланган суҳбатлари билан солиштирган ва агар қўмондонликда юқори мартабали зобитлар борлигини тахмин қилса, уларга қарши зарбалар уюштираган.
Газетага маълумот берган АҚШ расмийлари ахборотни қандай тўплашларини тасвирлашдан бош тортган, бироқ разведка идоралари бошқа нарсалар қатори Россия қўшинларининг Украинадаги ҳаракатларини кузатиш учун ҳам ҳарбий, ҳам тижорат сунъий йўлдошлари маълумотларидан фойдаланишини таъкидлаган. Газетанинг ёзишича, бошқа НАТО давлатлари ҳам Украинадаги Россия қўшинлари ҳақидаги разведка маълумотларини реал вақт режимида Киевга етказиб бермоқда.
NYT’нинг таъкидлашича, Россиянинг Украинадаги қароргоҳларига берилаётган барча муваффақиятли зарбалар ҳам Америка маълумотларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмаяпти. Хусусан, 30 апрель куни Россия Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи генерал Валерий Герасимов жойлашган Изюмдаги қўмондонлик пунктининг ўққа тутилиши Америка разведкаси ёрдамисиз амалга оширилган.
Украина расмийларининг таъкидлашича, икки ойлик уруш давомида улар Россия армиясининг 12 нафар генералини йўқ қилишга муваффақ бўлишган. Россия армия қўмондонларининг икки ўринбосари: генерал-майор Андрей Суховецкий ва генерал-майор Владимир Фроловнинг ўлимини расман тасдиқлаган.
Шу билан бирга, Пентагон вакилларининг таъкидлашича, россиялик генералларнинг ўзлари музокаралар учун мобил телефонлар ва ҳимояланмаган радиостанциялардан фойдаланган ҳолда ўз манзилларини аниқлашда ёрдам бермоқда.
“Бу интизомнинг пастлиги, тажриба йўқлиги, такаббурлик ва украиналикларнинг имкониятларини баҳолай олмасликдан далолат беради”, дейди АҚШ армиясининг Европадаги собиқ қўмондони, истеъфодаги генерал Фредерик Бенжамин Хожс.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси