АҚШ Россияга алоқадор ташкилот ва жисмоний шахсларга чекловлар жорий қилди
Олам
−
04 Март 2022
4479Украина атрофидаги вазият туфайли АҚШ Савдо вазирлиги Россия Федерацияси билан алоқадор 91 та ташкилот ва жисмоний шахслар учун экспорт назоратини кучайтириш тартибини жорий қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 3 март куни кечқурун Федерал реестрнинг электрон маълумотлар базаси – АҚШ ҳукумати ҳужжатлари тўпламида хабар берилди.
“АҚШ ҳукумати ушбу тузилмаларнинг фаолияти АҚЧ ташқи сиёсати ва миллий хавфсизлиги манфаатларига зид, деб ҳисоблайди. [Улар] Россия хавфсизлик хизматлари, ҳарбий ва мудофаа секторлари, ҳарбий ва мудофаа тадқиқотлари ва ишланмаларида иштирок этган, ҳисса қўшган ёки бошқа йўл билан қўллаб-қувватлаган”, дейилади ҳужжатда.
Унда айтилишича, жами 91 та ном экспорт назорати кучайтирилганлар рўйхатига киритилган. Уларнинг аксарияти – 81 таси Россия Федерациясида рўйхатдан ўтган ёки жойлашган. Тақиққа учраган ташкилотларнинг баъзилари бошқа мамлакатларда ваколатхоналарига эга ёки Россия Федерациясидан ташқарида рўйхатдан ўтган: Белиз, Буюк Британия, Испания, Қозоғистон, Латвия, Малта, Сингапур, Словакия ва Эстонияда.
“Ушбу регламент бир қатор иттифоқдош мамлакатлардаги, жумладан, Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоларидаги субъектларни ўз ичига олади, лекин бу ташкилотлар жойлашган ёки рўйхатдан ўтган мамлакатларга нисбатан чора эмас. Ушбу қарор фақат рўйхатга олинган шахсларга нисбатан қўлланилади”, дейди АҚШ расмийлари.
Санкцияларга учраган 86 та юридик ва жисмоний шахсларга экспорт лицензиясини беришдан бош тортиш сиёсати қўлланилади. Яна бешта субъектга нисбатан – Россия космик тизимлари холдинг компанияси, “Элара”, “Элемент”, “Радиоавтоматика” компаниялари ва "Субмикрон" илмий-тадқиқот институти – экспорт лицензиясини беришни рад этиш сиёсати қўлланилади, аммо, "АҚШ ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган космик дастурлар" га мурожаат қилганда, истиснолар бўлиши мумкин.
Россиянинг Украинага босқини
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь