АҚШда маймунчечакдан илк ўлим қайд этилди

Олам

image

АҚШнинг Техас штатидаги шифокорлар маймунчечак билан касалланган беморнинг ўлими ҳақида хабар берди. Бу АҚШда касаллик қайд этилганидан бери биринчи ўлимдир. 

Марҳум Харрис округида яшовчи бўлиб, у қатор касалликлардан азият чеккан. Маҳаллий соғлиқни сақлаш департаментининг маълумотига кўра, беморнинг ўлимига асосий сабаб маймунчечакми ёки йўқ, аниқ эмас ва ўлимдан кейинги экспертиза натижалари кейинроқ эълон қилинади. 

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш федерал марказларининг маълумотларига кўра, ҳозирда мамлакатда маймунчечак инфекциясининг 18 мингдан ортиқ ҳолати қайд этилган. Касалланганлар сони бўйича етакчи штатлари Калифорния ва Нью-Йорк бўлиб, уларда мос равишда 3291 ва 3197 та ҳолат қайд этилган. Техас штатида, сўнгги маълумотларга кўра, маймунчечак билан касалланган 1604 та бемор аниқланган. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 август куни Қўшма Штатлар маймун чечагини соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда ҳолат деб эълон қилишга қарор қилганди. 

Айтиш жоизки, жорий йилнинг 23 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймун чечаги касаллигини соғлиқни сақлаш учун глобал фавқулодда ҳолат (ФҲ) деб эълон қилди. Ўша вақтга 75 мамлакатда 16 000 дан ортиқ ҳолат маълум эди. Кўплаб ҳолатлар Европа ва Америкада аниқланган.

Европада маймун чечагидан биринчи ўлим ҳолати Испанияда, Осиёда эса Ҳиндистонда қайд этилган эди. 

Маълумот ўрнида, маймун чечаги кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан ёввойи ҳайвонлардан одамларга юқади. Касалликнинг белгилари иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, лимфа тугунлари шишиши, титроқ ва чарчоқни ўз ичига олади. Шунингдек, юз ва тананинг бошқа қисмларида тери тошмаси ҳам пайдо бўлиши мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, маймун чечаги эпидемияси учун ўлим даражаси одатда 1 фоиздан 10 фоизгача, ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

маймунчечак

Баҳолаганлар

9

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг