Осиёда маймун чечагидан биринчи ўлим қайд этилди
Олам
−
02 Август 2022
6882Осиёда маймун чечаги инфекциясидан биринчи ўлим ҳолати Ҳиндистонда тасдиқланди. Бу ҳақда мамлакат жануби-ғарбидаги Керала штати Соғлиқни сақлаш вазири Вина Жорж маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 22 ёшли йигитнинг соғлиғида бошқа ҳеч қандай муаммо бўлмаган. У Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) 19 июль куни маймун чечаги учун топширган тести ижобий чиққан ва Ҳиндистонга қайтиб келган. Уйга келганидан кейин бироз вақт ўтгач, иситмаси кўтарилган. Шундан сўнг бемор шифохонага ётқизилган ва кейинроқ сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.
Йигит 30 июль куни вафот этган. У билан алоқада бўлган шахслар кузатув остида.
AFP маълумотларига кўра, Ҳиндистонда маймун чечаги инфекциясининг камида тўртта ҳолати қайд этилган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га кўра, май ойи бошидан бери Африкадан ташқарида 18 000 дан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган, уларнинг аксарияти Европада кузатилган.
Маймун чечаги билан боғлиқ Африка қитъасидан ташқарида камида учта ўлим ҳолати тасдиқланган: иккитаси Испанияда ва биттаси Бразилияда. Ҳиндистонда қайд этилган ҳолат тўртинчи ва Осиёда биринчисидир.
Жорий йилнинг 23 июль куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймун чечаги касаллигини соғлиқни сақлаш учун глобал фавқулодда ҳолат (ФҲ) деб эълон қилди. Ўша вақтга 75 мамлакатда 16 000 дан ортиқ ҳолат маълум эди. Кўплаб ҳолатлар Европа ва Америкада аниқланган.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, ушбу касаллик анъанавий маънода жинсий йўл билан юқадиган инфекция эмас, у ҳар қандай яқин жисмоний алоқа орқали юқиши мумкин.
“Бироқ, бизнинг ишимиз шуни кўрсатадики, ҳозирги кунга қадар касалликни юқтириш ҳолатларининг аксарияти, биринчи навбатда, эркаклар орасида кўп кузатилмоқда”, дейди тадқиқот раҳбари Жон Торнҳилл.
Касаллик тарқалишига қарши курашиш учун ЖССТ Бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус инфекция тасдиқланган гуруҳлар билан боғланишни, эпидемиологик назорат ва соғлиқни сақлаш чораларини кучайтиришни, касалхоналарда инфекциянинг олдини олиш ишини кенгайтиришни, вакциналар, терапевтик воситалардан фойдаланиш бўйича тадқиқотларни жадаллаштиришни тавсия қилди.
Эслатиб ўтамиз, Европада маймун чечагидан биринчи ўлим ҳолати Испанияда қайд этилган эди.
Маълумот ўрнида, маймун чечаги кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан ёввойи ҳайвонлардан одамларга юқади. Касалликнинг белгилари иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, бел оғриғи, лимфа тугунлари шишиши, титроқ ва чарчоқни ўз ичига олади. Шунингдек, юз ва тананинг бошқа қисмларида тери тошмаси ҳам пайдо бўлиши мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, маймун чечаги эпидемияси учун ўлим даражаси одатда 1 фоиздан 10 фоизгача, ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади.
LiveБарчаси