Қорақалпоғистонда нима бўлди? Кимлар ўлди? – Дайжест

Таҳлил

Жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва Жўқорғи Кенгес аъзолари, фаоллар билан мулоқот қилди. 

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасида содир бўлаётган сўнгги воқеалар муносабати билан қорақалпоқ халқига мурожаат йўллади.

Президент 2 июль куни “Қорақалпоғистон Республикасида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Унга кўра, 3 июлдан 2 августгача Қорақалпоғистон Республикасида 30 кунлик фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди. Ушбу фармонни Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тасдиқлади. 

Президентга кўра, “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш давомида кўп миллатли Қорақалпоғистон халқи мамлакат равнақи ва фаровонлигининг пойдевори бўлган тинчлик ва барқарорлик, фуқаролар ўртасида ҳамжиҳатликни таъминлаш учун бирлашиб, барча куч ва имкониятларини сафарбар этади.

3 июль куни Қорақалпоғистон ва Қозоғистон ўртасидаги поезд қатнови рейси бекор қилинди. Қайд этилишича, комендантлик соати талабларидан келиб чиққан ҳолда Нукус аэропорти фаолиятига ҳам чеклов ўрнатилди, самолёт рейслари вақти ўзгартирилди

Ижтимоий тармоқларда Нукус кўчалари қонга тўлди мазмунидаги фейк ва провокацион хабарлар тарқалган эди. Аслида эса бу ноқонуний намойишга чиққанларни тарқатиш учун сепилган қизил рангдаги сув экани аниқланди.

Маълум қилинишича, рангли сувдан оммавий тартибсизлик иштирокчиларини тезроқ тарқатиб юбориш мақсадида фойдаланилган. 

Давлат раҳбари 3 июль кун яна Қорақалпоғистонга борди. Президент Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашувда Қорақалпоғистон воқеаларидаги дезинформацияни қоралади. 

Шунингдек, фуқароларни Конституцияга хилоф фаолиятга жалб этаётганларнинг асосий мақсади жамиятни пароканда қилиш, давлат томонидан олиб борилаётган бунёдкорлик сиёсатига бўлган ишончни сусайтириш, Ўзбекистоннинг ҳудудий яхлитлигига путур етказишдан иборатлиги, айирмачиликка, оммавий тартибсизликларга, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилиши, айбдорлар эса муқаррар жазога тортилишини таькидлади.

Президент нутқи давомида  Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон фарзанди эканидан фахрланишини айтди.

4 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Жаҳонгир Ширинов Конституциянинг 70, 71, 72, 74 ва 75-моддаларини ўзгаришсиз қолдириш таклифини билдирди.

Бир овоздан қабул қилинган қарорга кўра, Ўзбекистон Республикасининг янгиланаётган Конституциясида Қорақалпоғистон Республикасига оид 70, 71, 72, 74 ва 75-моддалар ўзгаришсиз қолдирилади. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Конституциявий қонуни лойиҳасининг муҳокамаси тугаш муддати – 5 июлдан 15 июлгача узайтирилди. 

Бош прокуратура  хабарига кўра, содир бўлган намойишлардаги оммавий тартибсизликлар оқибатида ҳозирга қадар аниқланган ҳолатларга кўра, жами 243 нафар шахсга, жумладан 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган. Оғир тан жароҳатлари туфайли 18 киши вафот этган.

Маълумотларга кўра, 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистондаги оммавий тартибсизликлар оқибатида 243 нафар фуқаро турли жароҳатлар билан шифохоналарга мурожаат қилган. Уларнинг 149 нафарига биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, муолажаларни уйда давом эттиришига рухсат берилган.

Ҳозирда шифохоналарда жами 94 нафар бемор даволанмоқда ва оғир аҳволда бўлганлари бор. Шу жумладан жароҳатланганлар орасида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ҳам бор.

Оммавий тартибсизликда иштирок этганликда гумонланган 516 киши қўлга олинди

Шунингдек, фавқулодда ҳолат эълон қилинганидан сўнг, 3 июлдан 4 июлга ўтар кечаси комендантлик тартибини бузгани ва кўчаларда бемақсад юргани учун 110 нафар фуқаро ушланиб, ички ишлар идораларига топширилган. 12 та автотранспорт воситалари жарима майдонига жойлаштирилган.

Бош прокуратура Нукусда оммани митингга чақирган шахс исмини очиқлади. Қорақалпоғистонлик журналист ва блогер Даулетмурат Тажимуратов Telegramʼдаги канали орқали видеомурожаат йўллаб, унда фуқароларни “Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб” Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилгани аниқланган.

Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ да кузатишда давом этинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Қорақалпоғистондаги намойишлар

Баҳолаганлар

366

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг