Айбдорлар муқаррар жазога тортилади – Мирзиёев

Жамият 13224
image

Айирмачиликка, оммавий тартибсизликларга, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилади, айбдорлар эса муқаррар жазога тортилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 3 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашувда айтиб ўтди. 

“Денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди. Оролбўйи ҳудудининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш бўйича беш йиллик миллий дастур ишлаб чиқилмоқда. Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи биринчи марта давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Юксак халқаро минбарлардан доимо Орол муаммосига жаҳон жамоатчилиги эътиборини қаратиб келмоқдамиз.

Тўлиқ ишонч билан айтаманки, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар бундан буён ҳам албатта изчил суръатларда давом эттирилади. 

Чунки Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлигидир. 

Мен ҳаёт синовларида тобланган қорақалпоқ халқининг донишмандлигига ишонаман ва уларни ақл-идрок билан иш тутишга, турли хил,  жумладан, четдан бўлаётган ғаразли чорлов ва ҳаракатларга алданмаслик, уларнинг қурбонига айланмасликка чақираман. 

Айирмачиликка, оммавий тартибсизликларга, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилади, айбдорлар эса муқаррар жазога тортилади. 

Аминманки, Қорақалпоғистоннинг меҳнаткаш, донишманд, олижаноб ва бағрикенг эли мана шундай мураккаб даврда ўзбек ва қорақалпоқ халқлари тақдирининг бирлиги ва яхлитлигига, оғизбирчилигига асосланган муқаддас қадриятларини бундан буён ҳам кўз қорачиғидек асраб-авайлаб яшайди. 

Содир бўлган воқеалар бизни янада ҳушёр ва сезгир бўлишга чақиради. Бугун жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш учун, фарзандларимиз ва набираларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш учун метин ирода, жипслик ва якдиллик ҳар қачонгидан ҳам зарурдир", дейди Мирзиёев.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 498
Рейтинг: 3
t
×