БП Нукусда оммани митингга чақирган шахс исмини очиқлади

Олам

image
0:00
0:00
download

Қорақаллпоғистонлик журналист ва блогер Даулетмурат Тажимуратов Теlеgram’даги канали орқали видеомурожаат йўллаб, унда фуқароларни “Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб” Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси жорий йилнинг 1-2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар ортидан ўтказилаётган тергов-тезкор натижаларига кўра баёнотда маълум қилди. 

Терговда аниқланишича, 2022 йил 1 июль куни соат 14:50 ларда “Ел хызметинде” газетаси муҳаррири ва блогер Даулетмурат Тажимуратов Теlеgram ижтимоий тармоғининг Маkаn.uz канали орқали видеомурожаат йўллаб, видеомурожаатида фуқароларни жорий йилнинг 1 июль куни соат 17:00 да “Қорақалпоғистон Республикасининг озодлигини сўраб” Жўқорғи Кенгес биноси олдида митинг ўтказишга даъват қилган.

Шундан кейин ижтимоий тармоқлар орқали қонунга хилоф равишда митинг уюштиришга фуқароларни даъват қилганлиги учун 2022 йил 1 июль куни соат 15:30 ларда Даулетмурат Тажимуратов Нукус шаҳар ИИО ФМБга олиб келинган ва ушланган.

“Блогер Даулетмурат Тажимуратовнинг ИИБ ходимлари томонидан ушлаганини билган бир гуруҳ шахслар тартибсизликлар уюштириб, уни озод қилишни талаб қилиб Нукус шаҳридаги ИИВга қарашли 2-сонли тергов ҳибсхонасига ва Нукус шаҳар ИИО ФМБга боришган, кейинчалик 2022 йил 1 июль куни соат 17:30 ларда Нукус шаҳри марказидаги "Марказий деҳқон бозори” МЧЖ олдидаги автомобиль йўлида тартибсизликлар уюштиришган.

Шундан кейин Даулетмурат Тажимуратов Нукус шаҳар ИИО ва ФМБдан озод қилиниб, чиқариб юборилган бўлса-да, Даулетмурат Тажимуратов ва унинг тарафдорлари тартибсизликларни яна давом эттириб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва ҳокимиятни босиб олишга очиқдан-очиқ даъват қилишган. 

Шундан сўнг, 2022 йил 2 июль куни соат 14:45 да Нукус туманидан тахминан 300 нафар шахс Нукус шаҳар томон ҳаракатланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, Нукус шаҳридаги блок постда хизмат олиб бораётган 50 нафар Миллий Гвардия ходимининг махсус воситаларини (рация, дубинка, каска, шумовая граната, щит) қўлга киритган”, дейди Бош прокуратура вакили. 

Шу куни Хўжайли туманидаги ҳарбий постга номаълум шахслар томонидан хужум уюштирилиб, қурол-яроғ тортиб олинган, “Нукус халқаро аэропорти”га, Нукус шаҳридаги маъмурий қамоққа олинган шахслар сақланувчи Реабилитация марказига, Нукус шаҳар ИИБ биносига ҳужумлар уюштирилган.

Оммавий тартибсизликлар давомида Нукус шаҳридаги “Las Vegas” кафеси ёнида давлат рақами 40 L 340 QA бўлган MAN русумли юк транспорт воситаси, “Эски шаҳар”даги марказий масжид олдида давлат рақами 01 267 UFA бўлган “КамАЗ” русумли юк транспорт воситаси, Шуманай туманидаги “Исмоилов Жабборберген” фермер хўжалигига тегишли бўлган вагон ёқиб юборилган.

Нукус шаҳар Спорт комплекси ёнидаги “Дўстлик” канали кўпригига, Нукус шаҳридаги кўплаб бино-иншоотлар ва йўл тўсиқларига ҳам кўплаб талафотлар етказилган.

Оммавий тартибсизликлар оқибатида ҳозирга қадар аниқланган ҳолатларга кўра, жами 243 нафар шахсга, жумладан 38 нафар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимига турли даражадаги тан жароҳатлари етказилган. Оғир тан жароҳатлари туфайли 18 нафар фуқаро вафот этган.

Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

3540

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made