Ҳибсга олишга ордер берилган Путин Қозоғистонга боради
Олам
−
11 Апрель 2023
13583Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин жорий йилнинг кузида Қозоғистонга боради. Бу ҳақда бугун, 11 апрель куни Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеунинг Россияга ташрифи давомида маълум қилинди.
Мурат Нуртлеу Президент Путиннинг жорий йилнинг кузида Қозоғистонга ташрифини ташкил этишга тайёрлиги учун Россияга миннатдорлик билдирган.
“Россия томони Россия Федерацияси Президенти Владимир Владимирович Путиннинг жорий йилнинг кузида Қозоғистонга ташрифини ташкил этишга тайёрлигини тасдиқлагани учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз. Ўйлайманки, ушбу ташриф доирасида самарали музокаралар бўлиб ўтади”, деган Қозоғистон Ташқи ишлар вазири.
Унинг айтишича, Путиннинг ташрифи давомида минтақалараро форум ташкил этилади. Ҳозирда Қозоғистоннинг Костанай шаҳрида бўлиб ўтадиган мазкур тадбирга тайёргарлик ишлари кетмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Владимир Путин ва болалар омбудсмани Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган, чунки улар болаларнинг ноқонуний депортацияси билан боғлиқ ҳарбий жиноятлар учун жавобгар деб топилганди. Кремль ХЖС қарорини қонун нуқтаи назаридан аҳамиятсиз деб атади ва Россияда ХЖС прокурори ва судьяларига нисбатан иш очилди. Шунингдек, Венгрия ва Арманистонда ҳам Путин ҳибсга олинмаслиги маълум қилинди. 5 апрель куни эса Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Эрмухамбет Конуспаев Халқаро жиноий суднинг Рим статути Қозоғистонга тааллуқли эмас экани, чунки республика ҳужжатни имзоламаганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь