Арманистон Путинни ҳибсга олмасликка ваъда берди
Олам
−
02 Апрель 2023
10110Аввалроқ Россия Президенти Владимир Путин Арманистонга борган тақдирда мамлакат расмийлари уни ҳибсга олишга мажбур бўлиши ҳақида хабар берилганди. Арманистон ҳукумати Россия Президенти Владимир Путинни Халқаро жиноий суд буйруғи билан унинг мамлакатга ташрифи муносабати билан ҳибсга олмайди. Бу ҳақда мамлакат парламенти вице-спикери Акоп Аршакян “Armenpress” агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
“Табиийки, ҳукмрон партия ва жамоанинг бундай нияти ҳам, истаги ҳам йўқ”, дейди Аршакян.
Унинг сўзларига кўра, Арманистон Россиянинг хавотирларига қулоқ солган. Шунингдек, вице-спикер Рим статутининг ратификация қилиниши Путиннинг Арманистонга келса ҳибсга олинишини муқаррар қилади, деган фикрни рад этган.
“Яқинда биз бошқа давлат билан шартнома имзоладик, унга кўра Рим статути икки томонлама муносабатларимизга таъсир қилмайди. Бир нарса аниқ: биз Россия томонидан билдирилган хавотирларни эшитдик ва ўйлайманки, биз Рим низоми билан боғлиқ кейинги жараённи таъминлаш Арманистон ва Россия ўртасидаги стратегик муносабатларга путур етказмаслигини таъминлай оламиз ", дея ишонтирган Аршакян.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Путинни украиналик болаларни ноқонуний депортация қилишда айблаб, уни қамоққа олишга ордер берганди. Шундан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Халқаро жиноий суднинг қарорлари Россия учун аҳамиятга эга эмаслигини маълум қилиб, буни мамлакатнинг Рим статутини имзоламагани, шу сабабли унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олмаслиги билан изоҳлаганди.
20 март санасида эса Россия Тергов қўмитаси томонидан Гаагадаги Халқаро жиноий судга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Шунингдек, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан маъмурияти раҳбари Гергей Гуйяш Россия Президенти Владимир Путин Венгрияга келса, расмийлар уни ҳибсга олмаслигини айтган эди.
LiveБарчаси