Путин Арманистонга келса, ҳибсга олиниши айтилди
Олам
−
25 Март 2023
20978Россия Президенти Владимир Путин Арманистонга борган тақдирда мамлакат расмийлари уни ҳибсга олишга мажбур бўлади. Сабаби Арманистон Конституциявий суди мамлакатнинг асосий қонунига мувофиқ Халқаро жиноий суднинг (ХЖС) Рим статути билан мустаҳкамланган мажбуриятларни тан олди. Бу ҳақда кеча, 24 март куни Арманистон “News” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Арманистон ХЖСнинг Россия Президенти Путинни ҳибсга олишга ордер бергани фонида ушбу мажбуриятни тан олган. Суд қарори якуний ҳисобланиб, у эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради. Энди Рим статути Арманистон парламенти томонидан ратификация қилинса, Арманистон Владимир Путин мамлакатга борган тақдирда уни ҳибсга олиш мажбуриятини олади.
Арманистон ҳукумати 2022 йил охирида Рим низомини тан олиш масаласи бўйича Конституциявий судга Озарбайжонни Тоғли Қорабоғ атрофидаги икки томонлама можаро пайтида содир этилган жиноятлар учун жавобгарликка тортиш мақсадида мурожаат қилган.
Статут 1998 йилда имзоланган, аммо ҳозиргача Арманистон уни ратификация қилмаган, чунки 2004 йилда Конституциявий Суд шартнома мажбуриятларини ўша пайтда амал қилган мамлакат Конституциясининг бир қатор қоидаларига зид деб тан олган.
Арманистон Конституциявий судининг ушбу қарори ХЖСнинг Гаагадаги дастлабки тергов палатаси Россия Президенти Владимир Путинни, шунингдек, Россиядаги бола ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳибсга олиш тўғрисида ордер берганидан бир ҳафта ўтгач, маълум бўлди. Улар ҳарбий жиноятларда, хусусан, Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга мажбуран депортация қилишда гумон қилинмоқда.
Москва 2022 йил 24 февралда бошланган Россиянинг Украинага босқинидан кейин у ерда содир бўлган ҳарбий жиноятларга алоқадорлигини рад этган. Россия ХЖСнинг юрисдикциясини тан олмайди ва унинг ишида иштирок этмайди. 2016 йилдан бери у суднинг ҳаракатларини белгилайдиган Рим статунинг иштирокчиси эмас. Ўз навбатида, ХЖС ҳам ҳарбий жиноятлар учун тергов қилинган ва жазоланган давлат раҳбарларининг дахлсизилигни тан олмайди.
Путин учун ХЖСнинг ҳибсга олиш тўғрисидаги ордери у Рим статутини ратификация қилган ва Халқаро жиноят судининг юрисдикциясини тан олган мамлакатларга кира олмаслигини англатади. Сабаби маҳаллий ҳокимият уни ҳибсга олишга мажбур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 март куни Гаагадаги Халқаро жиноий суд Путинни украиналик болаларни ноқонуний депортация қилишда айблаб, уни қамоққа олишга ордер берганди. Шундан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Халқаро жиноий суднинг қарорлари Россия учун аҳамиятга эга эмаслигини маълум қилиб, буни мамлакатнинг Рим статутини имзоламагани, шу сабабли унинг мажбуриятларини ўз зиммасига олмаслиги билан изоҳлаганди. 20 март санасида эса Россия Тергов қўмитаси томонидан Гаагадаги Халқаро жиноий судга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Шунингдек, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан маъмурияти раҳбари Гергей Гуйяш Россия Президенти Владимир Путин Венгрияга келса, расмийлар уни ҳибсга олмаслигини айтган эди.