Путинни қамашга ордер берганларнинг ўзига қарши жиноий иш очилди
Олам
−
20 Март 2023
33873Россия Тергов қўмитаси Гаагадаги Халқаро жиноят суди прокурори ва судьяларига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Қайд этилишича, Россия идораси Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олиш учун ордер берган Халқаро жиноий суд мансабдор шахсларининг ҳаракатларида бир қанча жиноятлар, хусусан, Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 299-моддаси 2-қисмида назарда тутилган айбсиз шахсни қасддан жиноий жавобгарлик тортиш бўйича жиноят белгиларини кўрган.
Эслатиб ўтамиз, 17 март куни Халқаро жиноий суд Россия Президенти Владимир Путин ва Президентнинг болалар ҳуқуқлари бўйича комиссари Мария Львова-Беловани ҳибсга олишга ордер берган эди. Ҳужжатда айтилишича, улар аҳолини, жумладан, болаларни ноқонуний депортация қилишдан иборат ҳарбий жиноятлар ва уларни Россияга ноқонуний ўтказишга алоқадор бўлиши мумкин. Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Халқаро жиноий суднинг ушбу қарори Россия учун ҳеч қандай маънога эга эмаслиги, ҳибсга олиш мумкин бўлган ордерлар қонуний кучга эга бўлмаслигини айтиб чиқди. Шунингдек, Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин ҳибсга олишга ордер бериш ҳақидаги қарорни Ғарбнинг “истерика”си деб атади.
Маълумот учун, Халқаро жиноий суд 1998 йилги Рим статутига биноан ташкил этилган. У БМТ таркибига кирмайди ва низомни ратификация қилган давлатлар олдида жавобгардир. Низомнинг иштирокчиси бўлмаган давлатлар орасида Россия (имзоланган, аммо ратификация қилмаган), АҚШ (имзоланган, аммо кейинроқ имзони қайтариб олган) ва Хитой (низомни имзоламаган) бор.
Гаагадаги Халқаро жиноий суд қоидаларига кўра, айбланувчи шахс Рим статутига имзо чеккан давлатга сафар қилса, шу давлат уни ушлаб, Гаагага топшириши шарт. Ўзбекистон ҳам Рим статутига 2000 йилда имзо чеккан, аммо ҳали парламент уни ратификация қилмаган.
2016 йилда Путин Россия ХЖТга аъзо бўлмаслиги ҳақидаги фармонни имзолаган эди. Россия ТИВ маълумотларига кўра, бу суд унга билдирилган умидларни оқламади ва халқаро адолатнинг ҳақиқий мустақил органига айланмади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь