Путин ва Трампнинг махсус вакиллари Вашингтонда учрашди
Олам
−
03 Апрель
3615Россия тўғридан тўғри инвестиция жамғармаси раҳбари Кирилл Дмитриев Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Маълумотни “The Washington Post” газетасига учрашувдан хабардор манба ҳам тасдиқлаган.
Бугун, 3 апрель куни эрталаб Дмитриевнинг ўзи Х ижтимоий тармоғида Россия ва АҚШ ўртасидаги мулоқот муҳимлиги ҳақида баёнот эълон қилди.
“Сизнинг сиёсатингиз қандай бўлишидан қатъий назар, АҚШ ва Россия ўртасидаги мулоқот муҳим. Гап ҳамма учун хавфсизроқ, фаровонроқ дунёни қуриш ҳақида кетмоқда”, деди Дмитриев.
CNN хабарига кўра, АҚШ Дмитриевга мамлакатга кириш визаси бериш учун 2022 йилда унга нисбатан қўйилган санкцияларни вақтинча бекор қилган. Давлат департаменти бу маълумотни на тасдиқлади, на инкор қилди ва “виза маълумотлари АҚШ қонунларига кўра махфий” эканини таъкидлади.
“Дмитриев Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери АҚШга хизмат сафари билан келган энг юқори мартабали россиялик амалдор бўлди”, деб ёзди “Reuters”.
“The Washington Post” маълумотларига кўра, “Goldman Sachs'нинг собиқ сармоявий банкири, Стенфордда таълим олган Дмитриев Трамп жамоасининг айрим асосий аъзолари билан яқин алоқада”.
Газета манбасининг таъкидлашича, музокаралар масаласи жуда нозик ва улар “давом этмоқда”. CBS журналисти эса учрашув Оқ уйда бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган.
Газетанинг қайд этишича, Дмитриевнинг Вашингтонга ташрифи АҚШ Президенти Дональд Трампнинг ўтган ҳафта охирида (30 март) Россия Президенти Владимир Путиннинг Украинада сайловлар ўтказиш учун БМТ шафелигида ташқи бошқарув тизимини жорий этиш таклифидан ғазаблангани ҳақидаги баёнотидан кейин содир бўлган.
“Дмитриев маъмуриятни ишонтириш ва нафақат тинч йўл билан ҳал қилиш, балки йирик молиявий битимлар қилиш имкониятини такрорлаш учун бу ерда бўлиши мумкин”, деб ёзади “The Washington Post”.
Маълумот учун, Дмитриев 18 февраль куни Ар-Риёдда Россия ва АҚШ делегациялари ўртасидаги музокараларда иштирок этган. Ўшанда CNN у Россия ва АҚШ ўртасидаги иқтисодий алоқаларни тиклаш учун олиб келингани ҳақида хабар берган эди. 23 февраль куни Владимир Путин Кирилл Дмитриевни Президентнинг хорижий сармоялар ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили этиб тайинлаш ҳақидаги фармонни имзолаган.
LiveБарчаси