Қозоғистон Президенти шошилинч йиғилиш ўтказди

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев халқаро бозордаги вазият ўзгариши муносабати билан шошилинч йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизматига таяниб, “Nur.kz” хабар берди.

Қайд этилишича, Тўқаев мамлакат Бош вазири Олжас Бектенов, Миллий банк раиси Темур Сулаймонов ва бошқа масъул шахслар билан халқаро бозорларда энергия ресурслари ҳамда асосий хомашё нархларининг тариф можаролари туфайли кескин пасайиб кетганига боғлиқ иқтисодий вазият юзасидан учрашув ўтказган.

Давлат раҳбари молиявий-иқтисодий инқироз шароитида иқтисодий ўсиш суръатлари ва инвестициялар ҳажмининг камайишига йўл қўймаслик мақсадида ҳукумат ва маҳаллий ижро ҳокимиятлари ҳаракатлар режасини имкон қадар тез муддатда якунлашни топширган.

“Президент оғир ташқи шарт-шароитларга қарамай, мамлакат иқтисодий тараққиёти бўйича илгари эълон қилинган устувор йўналишлар – йирик инфратузилма лойиҳалари, рақамлаштириш ва сунъий интеллектни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ҳамда транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш қатъий амалга оширилишини алоҳида таъкидлади”, дейилади хабарда.

Кутилишича, келаси ҳафта давлат раҳбари ушбу масалага бағишланган махсус йиғилиш ўтказади.

Эслатиб ўтамиз, 2 апрель оқшомида Оқ уй боғида чиқиш қилган Трамп АҚШга импорт қилинадиган маҳсулотларнинг аксарига 10 фоизлик тарифлар, Хитой учун эса қўшимча 34 фоизлик, Европа Иттифоқи учун эса 20 фоизлик божлар жорий этилишини эълон қилди. Оқибатда АҚШнинг импорт бўйича ўртача бож ставкаси 2024 йилдаги 2,5 фоиздан 22 фоизга ошди – бу кўрсаткич охирги марта 1910 йиллар атрофида кузатилган. Марказий Осиёда ушбу божларнинг энг юқориси Қозоғистонга тўғри келди – 27 фоиз. Қолган Марказий Осиё давлатларига эса 10 фоизлик бож ставкалари жорий этилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Қосим-Жомарт Тўқаев шошилинч йиғилиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг