Сўнгги 3-4 кун ичида 10 трлн доллар йўқотилди – Мирзиёев

Олам

image

Сўнгги уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар маблағ йўқотилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 9 апрель куни ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилди. 

Давлат раҳбари дунё иқтисодиётида ҳозир фавқулодда вазият кузатилаётганини, уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорларида 10 триллион доллар маблағ йўқотилганини кўрсатиб ўтди. 

“Бу тебранишлар бизга таъсир қилмайди, деб ўйлаганлар адашади. Ахир, бу маблағларни бир қисми бизга инвестиция, кредит, евробонд орқали кириб келиши мумкин эди-ку!” деди Президент.

Бу шароитда барча ҳокимлар, иқтисодий комплекс ҳудудлар иқтисодиётини кунлик таҳлил қилиши, ишлаб чиқариш ҳажмлари, иш ўринлари ва экспортни сақлаб қолиш масалалари билан тизимли шуғулланиши кераклиги қайд этилди.

Иқтисодий комплекс масъулларига ҳар ҳафта тармоқма-тармоқ муаммоларни таҳлил қилиш ва янги таклифлар киритиш, туман ва вилоят ҳокимларига ўз ҳудудида тадбиркорлар масалаларига ечим топиб бориш топширилди.

Трампнинг янги божлари

2 апрель куни АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШнинг ташқи савдо ҳамкорларига (рўйхатга жами 185 та давлат киритилган) нисбатан “ўзаро” божлар жорий этилишини маълум қилди. Божларнинг минимал базавий даражаси 10 фоизни ташкил этди, бироқ бир қатор давлатлар учун божлар АҚШнинг ушбу мамлакатлар билан савдо тақчиллигига қараб индивидуал равишда ҳисоблаб чиқилган. Масалан, Ўзбекистон учун, 10%, Хитой учун божлар 34 фоизни, Европа Иттифоқи учун эса 20 фоизни ташкил қилади.

7 апрель куни Трамп, агар Пекин Америка товарларига нисбатан 34 фоизлик жавоб божларини бекор қилмаса, АҚШ маъмурияти Хитойга қўшимча 50 фоизлик бож жорий этишини эълон қилди. У бундай мажбуриятлар 9 апрелдан бошлаб кучга кириши ҳақида огоҳлантирди.

Бунга жавобан Хитой Трамп билан савдо урушида охиригача курашишга тайёрлигини билдирди. Қолаверса, АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари, бизнесмен Илон Маск ҳам шахсан АҚШ Президенти Дональд Трампдан божхона сиёсатини қайта кўриб чиқишни ва улкан импорт божларини жорий қилмасликни сўраганди.

АҚШ эса 9 апрелдан бошлаб Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўшимча 84 фоизлик бож қўллашга қарор қилди. Шу тариқа, Хитой маҳсулотларига нисбатан умумий бож ставкаси 104 фоизни ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев халқаро молия бозорлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг