Бухородаги янги аэрпорт Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топширилади
Жамият
−
12:20 453 2 дақиқа
Бухоро шаҳридаги янги аэропорт ва унга олиб борадиган йўлни 2027 йил Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш вазифаси қўйилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 4 ноябрь куни ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини ошириш масалалари бўйича йиғилишда масъулларга топшириқ берди.
Йиғилишда қайд этилишича, Бухорода халқаро стандартларга мувофиқ, 300 миллион долларлик янги аэропорт қурилмоқда. У бир вақтнинг ўзида 20 та самолёт ва 1 минг 200 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконига эга бўлади.
Аэропортни шаҳар маркази билан боғлаш учун 24 километрли автомобиль йўли барпо этилади. Шунингдек, автобуслар учун 5,5 километрли БРТ йўлагини ташкил этиш ҳам режалаштирилган.
Президент аэропорт ва унга олиб борадиган йўлни Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш вазифасини қўйган. Янги инфратузилма Бухорога келувчилар учун қулайлик яратиши ва ҳудуднинг транспорт имкониятларини кенгайтириши таъкидланган.
Туркиянинг “Pegasus” авиакомпанияси Бухорога тўғридан-тўғри қатновларни йўлга қўймоқда. Келаси йил Малайзия, Индонезия, Кувайт, Миср ва Баҳрайн билан ҳам авиақатновларни бошлаш топширилган.
Давлат раҳбари Бухорода туризм хизматлари ва сайёҳлар учун янги йўналишларни кўпайтириш масаласига тўхталган. Жорий йилда вилоятга 3,5 миллион хорижлик сайёҳ келиши кутилмоқда. Келгусида уларнинг сонини икки баравар ошириш мақсад қилинган.
Эски шаҳар, Етти пир, Чор Бакр, Пойкент, Варахша ва Вардонзе каби тарихий мажмуаларни ягона туризм концепцияси асосида боғлаш кўзда тутилган.
Бухоро шаҳридаги Гулчорбоғ маҳалласида 50 гектар майдонда 80 миллион долларлик туризм маркази ташкил этилади. Унда кўргазмалар зали, амфитеатр ва меҳмонхоналар жойлашади.
Жалол Икромий маҳалласида эса халқаро тадбирларга мўлжалланган 60 миллион долларлик конгресс-холл қурилмоқда. Конгресс-холл ёнида “Hilton” ва “Holiday Inn” брендлари остида иккита етти қаватли меҳмонхона барпо этилмоқда.
Бундан ташқари, саккизта марказий кўча миллий ва замонавий меъморий ечимлар асосида янгиланиб, олтита хиёбон бунёд этилади.
Вилоят марказини кенгайтириш доирасида Бухоро туманидаги 1 минг гектар майдонда 500 миллион долларлик туризм кластерини барпо этиш режалаштирилган. Унинг ҳисобига сайёҳларнинг Бухорода қолиш муддатини ўртача 4-5 кунгача узайтириш мумкин.