Ҳеч қаерга яширинолмайсиз – Зеленский Россия ва Беларусь ҳарбийларига мурожаат қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

Украина томон ракеталар учираётган ҳар бир россиялик аскар топиб, жазоланади. Президент Владимир Зеленский анъанавий кечки видеомурожаатида айтиб ўтди.

Зеленский Киев яна ҳужумга учраганини, натижада “дунёнинг иккинчи энг йирик армияси болалар боғчаси ва кўп қаватли уйни мағлуб этганини” қўшимча қилган. Турар-жой биносига зарба бериш натижасида бир киши ҳалок бўлди, унинг хотини ва қизи яраланди. Марҳумнинг рафиқаси Россия фуқароси. 

“Россия бошқа қарорга келмагунча, бизнинг мамлакатимизда унга ҳеч нарса таҳдид қилмаётганди”, дейди Зеленский.

Президентнинг айтишича, ракеталар Николаев, Одесса ва Черкас вилоятларига ҳам учирилган. 

“Ракеталарнинг бир қисми уриб туширилди, фақат бир қисми. Бизга ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимлари керак, бу ҳақда ҳамкорларимиз билан доим гаплашяпмиз”, дейди Зеленский

У Германиядаги саммитга йиғилган G7 давлатлари раҳбарлари Россиянинг Украинага ва бутун Европага бўлган тажовузини тўхтатиш имкониятига эга эканлигига ишонч билдирган.

Шундан сўнг, Украина Президенти русчада россиялик ҳарбийлар ва Беларусь фуқароларига мурожаат қилган.

“Биринчидан, Украинага ракеталарнинг учирилишини таъминловчи барча учувчилар, диспетчерлар, техниклар ва бошқа одамлар тушунишлари керак: биз барчангизни топамиз. Барча бу зарбалар учун жавоб беради. Агар кимдир шундай буйруқ бўлган, деб жавобгарликдан қутулиб қоламан деб ўйласа, адашасиз. Суд ҳаммангизни кутяпти. Ва сиз ҳеч қаерга яширина олмайсиз. На ракеталарингиз учирилаётган Каспий денгизи қирғоғида, на Беларусда”, дейди Зеленский.

Унинг рус тилидаги мурожаатининг иккинчи қисми Беларусь аҳолисига қаратилган эди.

“Бугун Беларусь фуқароларига мурожаат қилмоқчиман. Фуқароларга ҳам, “погон”лиларга ҳам. Сизларни урушга тортишяпти. Ва ҳатто февраль ва баҳор ойларида бўлганидан ҳам фаолроқ. Кремль сизнинг ўрнингизга ҳамма нарсани аллақачон ҳал қилган – улар учун сизнинг ҳаётингиз ҳеч нарсага арзимайди. Лекин сиз қул ёки тўп учун гўшт эмассиз. Сиз ўлмаслигингиз керак. Ва сиз бошқалар келгусида сизни нима кутаётганини ҳал қилишига йўл қўймасликка қодирсиз”, деган Украина Президенти.

Киев расмийлари Россия кучлари Украинага қарши сўнгги зарбаларни Беларусдан бошлаганини айтмоқда. Бу мамлакат армияси доимий равишда Украина чегаралари яқинида маневрлар ўтказяпти ва шу билан Украина Қуролли Кучлари эътиборини Россия қўшинлари билан жанг қилиб, чалғитяпти.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг