“Ҳайратон – Мозори Шариф” темир йўлидан фойдаланиш бўйича 2 йиллик битим имзоланди
Жамият
−
12 Февраль 2023
7436Бугун, 12 февраль куни Афғонистон темир йўл бошқармаси ва “Sogdiana trans” ўртасида “Ҳайратон–Мозори Шариф” темир йўлида эксплуатация ишларини давом эттириш тўғрисида янги келишув имзоланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” маълум қилди.
Ушбу келишувга кўра, “Sogdiana trans” 2 йил давомида ўз фаолиятини давом эттиради.
Бундан ташқари, томонлар биргаликда “Мозори Шариф” бекатига юкларни етказиб беришни тезлаштиришни келишиб олди. Ҳамда Афғонистон темир йўллари бошқармасининг маҳаллий мутахассисларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратди.
“10-11 февраль кунлари 714 та юк вагонлари етказилди. Бугунги кунга қадар юкларни етказиб бериш давом этмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 февраль кунидан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Афғонистон темир йўл бошқармаси ўртадаги келишув чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабабли “Ҳайратон-Мозори Шариф” темир йўлидан фойдаланиш вақтинча тўхтатилганини маълум қилган эди.
Бунинг ортидан Афғонистон темир йўл бошқармаси расмийлари “Ўзбекистон темир йўллари”ни “Ҳайратон-Мозори Шариф” ўртасидаги темир йўл алоқасининг техник масалалари бўйича янги келишувни бузганликда айблаб чиққан эди.
8 февраль куни эса “Толибон” вакиллари “Ҳайратон-Мозори Шариф” темир йўлидан фойдаланишни қайта тиклаш масаласини муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга келган эди.
LiveБарчаси