“Ҳар каллада ҳар хаёл”. Нетаньяху АҚШ ва араб етакчиларининг таклифини рад этди
Олам
−
11 Январь
7727АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарққа сафари чоғида Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни Ғазо секторидаги операцияни якунлашга кўндира олмади. Бу ҳақда “The Washington Post” газетаси хабар берди.
Қайд этилишича, Қўшма Штатлар араб давлатлари билан ҳамкорликда иш олиб бориш орқали Исроил-Фаластин можаросини ҳал қилишга интилмоқда. Шу мақсадда, Блинкен ўзининг Яқин Шарққа сафари чоғида Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср ва Иорданиядан ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан сўнг Ғазо секторини қайта тиклашга ёрдам беришлари ҳақида кафолат олган.
"Аммо Исроил Бош вазири Фаластин давлатини яратиш мажбуриятини зиммасига олишдан бош тортди. Шу тариқа АҚШ томонидан можарога чек қўйиш бўйича ишлаб чиқилган режа тўхтаб қолди. Блинкен араблар устидан ғалаба қозонишга муваффақ бўлди, бироқ Нетаньяхуни ишонтира олмади", дейилади хабарда.
Манбада таъкидланишича, Қўшма Штатлар ҳали ҳам Яқин Шарқдаги кескинлашувнинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда, аммо "бу тобора қийинлашиб бормоқда".
"Исроил 2023 йил 7 октябрда содир бўлган даҳшатли теракт такрорланишининг олдини олиш учун ҲАМАСнинг ҳал қилувчи мағлубиятини истайди. Бироқ, ҳужум содир бўлганидан бери уч ой ўтган бўлса ҳам, урушнинг охири кўринмаяпти", дейилади мақолада.
Тахминларга кўра, Исроил қўшинларининг Ғазодан олиб чиқилиши январь ойи охири ёки февраль ойи бошида тугаши мумкин. Шундан сўнг Исроил қўшинларининг тўртдан бир қисмидан ортиғи анклавда қолмайди.
Айтилишича, яҳудий давлати Ғазо секторининг Фаластин давлати раҳбарлигида бўлишига рози бўлмайди. Бунинг ўрнига, Исроил ҳукумати анклавнинг маълум ҳудудларини маҳаллий Фаластин ҳукумати назорати остига ўтказмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, Блинкен Ғазода уруш бошлангандан бери минтақага қилган тўртинчи сафари давомида Туркия, Греция, Иордания, Қатар, БАА, Саудия Арабистони, Исроил, Фаластин ва Баҳрайнда бўлганди. Унинг Яқин Шарққа сафари Мисрга ташриф билан якунланади.
LiveБарчаси