“Қора шаҳзода” Блинкенни ҳам ўтовда қабул қилди
Олам
−
09 Январь
9726Кеча, 8 январь куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни Ал-Ула шаҳридаги қишки дам олиш масканида қабул қилди. Бу ҳақда Блинкен ўзининг Х'даги саҳифасида маълум қилди.
“У билан Ғазодаги гуманитар эҳтиёжларни зудлик билан ҳал қилиш ва можаронинг янада тарқалишининг олдини олиш муҳимлигини муҳокама қилдик”, деб ёзади Блинкен.
Давлат департаменти томонидан эълон қилинган баёнотга кўра, АҚШ Давлат котиби ва Саудия валиаҳд шаҳзодаси минтақавий тарангликни пасайтириш, жумладан, Қизил денгиздаги тижорий юк ташишга ҳусийлар ҳужумларининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни муҳокама қилган.
“Давлат котиби Блинкен янада хавфсиз, фаровон ва интеграциялашган минтақани, жумладан, мустақил Фаластин давлатини барпо этиш орқали яратиш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасидаги стратегик ҳамкорликнинг аҳамияти муҳокама қилинди”, дейилади баёнотда.
Саудия Арабистонининг расмий SPA ахборот агентлигининг ёзишича, Муҳаммад бин Салмон ва Энтони Блинкен суҳбат чоғида икки томонлама муносабатлар ва икки давлат манфаати йўлида ҳамкорликни ривожлантириш масаласини кўриб чиққан.
“Валиаҳд шаҳзода ҳарбий амалиётларни тўхтатиш, инсонпарварлик ҳаракатларини фаоллаштириш, барқарорликни тиклаш ва Фаластин халқининг қонуний ҳуқуқларига эга бўлишини ҳамда адолатли ва мустаҳкам тинчликка эришиш учун шарт-шароитлар яратишга интилиш муҳимлигини таъкидлади”, дейилади хабарда.
Учрашувда Саудия Арабистонининг АҚШдаги элчиси малика Рима бинт Бандар Ол Сауд, Ар-Риёд вилояти губернатори ўринбосари шаҳзода Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Сауд, Миллий гвардия вазири шаҳзода Абдуллоҳ бин Бандар Ол Сауд, Ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон Ол Сауд, Маданият вазири шаҳзода Бадр бин Абдуллоҳ Ол Сауд, Давлат вазири ва миллий хавфсизлик маслаҳатчиси доктор Мусаид бин Муҳаммад Ал-Айбон, шунингдек, АҚШнинг Қиролликдаги элчиси Майкл Ратни ва унинг ҳамроҳлигидаги делегация иштирок этган.
Блинкен Саудияга сафари давомида матбуот учун чиқиш ҳам қилган ва бор йўғи иккита саволга жавоб берган.
У Исроил ва Ливан ҳукуматлари, шунингдек, “Ҳизбуллоҳ” ҳам можаронинг кучайишидан қочаётганини, Вашингтон эса буни дипломатия орқали ҳал қилишга уринаётганини билдирган.
“Маълумки, кескинлашув, ҳақиқий можаро ҳеч кимнинг: Исроил, Ливан ва “Ҳизбуллоҳ”нинг манфаатига мос эмас. Ва Исроил томони бизга дипломатик йўл билан бундан кейин ҳам тараққиётни хоҳлашини айтди. Бу исроилликларга хавфсиз уйга қайтиш имконини беради. Деярли 100 минг исроиллик Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” таҳдиди туфайли Шимолий Исроилдаги уйларини тарк этишга мажбур бўлди”, дейди Блинкен.
Давлат котибининг сўзларига кўра, ҳозир гап “ливанликларнинг ҳам мамлакат жанубий қисмидаги уйларига қайтишига” имкон берадиган келишувларга эришиш имконияти ҳақида кетмоқда.
Блинкен Саудия Арабистонига боришдан олдин Абу Дабига ҳам қўниб ўтган. АҚШ Давлат котиби у ерда Бирлашган Араб Амирликлари Президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашиб, минтақадаги можаронинг кенгайишига йўл қўймаслик ва Ғазодаги гуманитар эҳтиёжларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни муҳокама қилган.
“Мустақил Фаластин давлатини барпо этиш йўлида ҳаракат қиляпмиз”, деб ёзган Блинкен Х ижтимоий тармоғида.
Бироқ унинг БААга сафари махфий равишда ўтказилган.
Шундай қилиб, Блинкен Ғазода уруш бошлангандан бери минтақага қилган тўртинчи сафари давомида Туркия, Греция, Иордания, Қатар, БАА ва Саудия Арабистонида бўлди. У бугун, 9 январь куни Исроилга бориб, у ердаги расмийлар билан учрашади. Бундан ташқари, Блинкен Ғарбий Соҳилга ҳам бориши режалаштирилган. Унинг Яқин Шарққа сафари эса Миср билан якунланади.
Эслатиб ўтамиз, 7 январь куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, Бош вазир Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд Ал-Ула шаҳридаги қишки қароргоҳида Линдси Грэм ва бошқа америкалик сенаторларни қабул қилганди.
LiveБарчаси