Блинкен Яқин Шарқ давлатларининг Ғазога сармоя киритиши шартини айтди
Олам
−
10 Январь
6061Яқин Шарқ давлатлари, агар Фаластин-Исроил можароси икки давлатнинг ёнма-ён яшаши тамойили асосида ҳал этилса, Ғазо секторини қайта қуриш ва ривожлантиришга сармоя киритишга тайёр. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен кеча, 9 январь куни Тель-Авивдаги матбуот анжуманида маълум қилди.
“Бу сафар мен жуда аниқ эшитган нарсалардан бири шундаки, минтақадаги кўплаб давлатлар Ғазодаги можаро тугаганидан кейин турли йўллар билан Ғазога сармоя киритишга тайёр. Аммо бунинг учун улар фаластинликларнинг сиёсий ҳуқуқлари тикланишига ва Фаластин давлатининг яратилишига ишониши керак”, дейди Америка дипломатияси раҳбари.
Блинкен Яқин Шарқнинг кўплаб давлатлари Исроил билан ҳамкорликда минтақавий хавфсизликни таъминламоқчи эканини таъкидлади.
Маълумот учун, Блинкен Ғазода уруш бошлангандан бери минтақага қилган тўртинчи сафари давомида Туркия, Греция, Иордания, Қатар, БАА ва Саудия Арабистонида бўлганди. Бундан ташқари, Блинкен Ғарбий Соҳилга ҳам бориши режалаштирилган. Унинг Яқин Шарққа сафари эса Мисрга ташриф билан якунланади.
Эслатиб ўтамиз, Блинкен Исроилга сафари аввалида Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац ва Президент Ицхак Герцог билан гаплашганди. Блинкен Исроил ТИВ раҳбари билан учрашувда Ғазодаги урушдан кейин яҳудий давлати Яқин Шарқ минтақаси мамлакатлари билан муносабатларини яхшилаши мумкинлигини айтди. Исроил Президенти эса Блинкенга Жанубий Африканинг Исроилни “Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция"ни бузганликда айблаб, Гаагадаги Халқаро Судга берган даъвосини "даҳшатли ва кулгили" деб билишини айтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь