Абдулла II Блинкенни Исроилга босим ўтказишга чақирди
Олам
−
08 Январь
6153Иордания қироли Абдулла II АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенни қабул қилиб, унга Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини давом эттиришининг “ҳалокатли оқибатлари” ҳақида гапирди. Бу ҳақда “Times of Israel” газетаси хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Иордания қироли Америка дипломатияси раҳбарига Вашингтон ҳозирги вазиятда “муҳим роль ўйнаши ва Исроилга босим ўтказиб, унинг Ғазо секторида зудлик билан сулҳ тузишга кўндириши керак"лигини таъкидлаган.
Давлат департаментига кўра, томонлар “гуманитар ёрдам кўрсатиш масаласида келишиб олган”. Ўз навбатида, Блинкен Қўшма Штатлар фаластинликларнинг Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидан мажбуран кўчирилишига қарши эканини маълум қилган.
“Котиб Блинкен Қўшма Штатлар мустақил Фаластин давлатини барпо этиш орқали исроилликлар ва фаластинликлар учун барқарор тинчлик ва хавфсизликка эришишга содиқлигини айтиб ўтди”, дейилади Давлат департаменти баёнотида.
“Associated Press” агентлигининг ёзишича, Блинкен Иордания Ташқи ишлар вазири Айман ал-Сафадий билан ҳам учрашган ва Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг Аммандаги омборига ташриф буюрган, у ерда Ғазо секторига етказиладиган инсонпарварлик ёрдами сақланади.
Давлат котиби бунгача Критда Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис билан ҳам учрашган. Улар Яқин Шарқдаги давом этаётган вазиятни муҳокама қилган. Давлат котиби Бош вазирга Грециянинг “минтақавий етакчилиги, жумладан, Украинани доимий қўллаб-қувватлагани, Ғазодаги тинч аҳолига ҳаётни сақлайдиган инсонпарварлик ёрдами етказгани ва “Prosperity Guardian” операциясида иштирок этаётгани учун” миннатдорлик билдирган.
Блинкен Қатарда ҳам бўлиб, мамлакат раҳбарияти билан учрашган. У Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний билан қўшма матбуот анжумани ўтказган ва унда Фаластин-Исроил можароси кенгайиши мумкинлигидан хавотир билдирган.
“Бу осонликча метастаз бериши мумкин бўлган можаро. Бу эса хавфсизликнинг янада бузилишига ва азоб-уқубатларнинг кучайишига олиб келади. Қўшма Штатлар бошданоқ можаро кенгайишига йўл қўймасликка эътибор қаратган. Бу менинг 7 октябрдан бери Яқин Шарқ минтақасига тўртинчи ташрифимнинг асосий мавзуси”, деган АҚШ Давлат котиби.
Блинкеннинг сўзларига кўра, у ташрифи чоғида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Греция Бош вазири Кириакос Мицотакис, Иордания қироли Абдулла II ва Қатар Бош вазири билан бўлган суҳбатларида шу мавзуни кўтарган.
“Биз барчамиз бу можаро кенгаймаслигини таъминлаш тарафдоримиз”, дея таъкидлади Америка ташқи сиёсат идораси раҳбари.
Маълумот учун, Блинкеннинг минтақа давлатларига сафари 4 январдан 11 январгача давом этади. У Туркия, Греция, Иордания ва Қатардан ташқари БАА, Саудия Арабистони ҳамда Исроил ва Ғарбий Соҳилга ҳам боради. Сўнгра у сафарини Мисрда якунлайди.
Эслатиб ўтамиз, 5 январь куни Блинкен Истанбулга етиб борган, эртаси куни мамлакат Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан учрашган ва Президент Ражаб Тойиб Эрдўған қабулида бўлганди.
LiveБарчаси