Блинкен Истанбулга етиб борди
Олам
−
06 Январь
5133Кеча, 5 январь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Истанбулга борди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.
Давлат котиби ва унинг ҳамроҳлигидаги делегация бўлган самолёт маҳаллий вақт билан соат 19:10 да Истанбул аэропортига қўнди.
Блинкенни аэропортда Туркия Ташқи ишлар вазирлигининг АҚШ Сиёсий ишлар бошқармаси раҳбари Япрак Балкан, АҚШнинг Анқарадаги элчиси Жеффри Флейк, АҚШнинг Истанбулдаги бош консули Жули Иаде, Истанбул аэропорти фуқаролик бошқармаси раҳбари Илкер Ҳактанкачмаз ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Қайд этиш жоизки, Туркияда жамоатчилик хорижлик меҳмонлар, хусусан, АҚШ вакилларининг учрашувлари протоколини диққат билан кузатиб боради. Саломлашиш ёки муайян имо-ишораларнинг нюанслари Туркия томонининг кайфиятини ва мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ҳолатини акс эттиради, деб ишонилади.
Бугун, 6 январь куни АҚШ Давлат котиби Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан учрашиб, Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумлари, минтақавий муаммолар ва икки томонлама муносабатларни муҳокама қилиши кутилмоқда.
CNN Turk хабарига кўра, Блинкен Президент Ражаб Тойиб Эрдўған томонидан ҳам қабул қилиниши мумкин. Томонлар Швециянинг ҳали Туркия томонидан маъқулланмаган НАТОга аъзо бўлиш аризаси, Туркияга F-16 қирувчи самолётларини сотилиши, Эгей денгизидаги кучлар мувозанати ва ҳарбий мавжудлик муаммосини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Блинкен Туркияга борганида у “дипломатик тарсаки” билан кутиб олинганди. Уни кутиб олиш учун юқори мартабали амалдорлар чиқмаган, аэропорт VIP зали ташқарисидаги чироқлар ўчирилганди. Бундан ташқари, Блинкеннинг Туркия ТИВ биносигача бўлган йўналиши бўйлаб кўприклардан бирида маҳаллий аҳоли ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти вакили Абу Убайда тасвирланган плакатни осиб қўйганди.
LiveБарчаси