Туркияда Блинкенни “дипломатик тарсаки” билан кутиб олишди 

Олам

image

Бугун, 6 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан билан учрашиш учун Анқарага етиб борди. Бу ҳақда “Akşam” газетаси хабар берди.

Сиёсатчи мамлакатга тунда етиб келган. Уни самолёт зинапоясида юқори мартабали амалдорлар кутиб олмаган. Унга пешвоз чиққанлар орасида АҚШнинг Анқарадаги элчиси Жеффри Флейк, Ташқи ишлар вазирлиги вакили Япрак Балкан, Анқара губернатори ўринбосари Намик Камол Назли ва бошқа бир қанча расмийлар бор эди.

Бундан ташқари, аэропортдаги VIP зал ташқарисидаги чироқ ўчирилган. Нашр журналистлари бу қабулни “шапалоқ уришга қиёсланадиган норозилик” деб атаган ва бу Туркияда биринчи марта содир бўлаётганини ёзган.

Блинкен қоронғида уни кутиб турган одамлар билан саломлашиб, машинасига ўтирган.

Қайд этилишича, Блинкеннинг Туркия ТИВ биносигача бўлган йўналиши бўйлаб кўприклардан бирида маҳаллий аҳоли ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти вакили Абу Убайда тасвирланган плакат осиб қўйган. 

TRT’нинг хабар беришича, ҳозирда Блинкен Туркия ТИВ раҳбари Хоқон Фидан билан музокара ўтказмоқда. Маълумки, расмий учрашувда Ғазо секторидаги ҳарбий вазият, шунингдек, минтақавий муаммолар ва икки томонлама муносабатлар муҳокама қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 3 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Яқин Шарқдаги вазият фонида учинчи марта Исроилга борган, Бош вазир Биньямин Нетаньяху, Президент Ицхаак Герцог ва бошқа расмийлар билан учрашганди. Блинкен Америка Қўшма Штатлари Исроилга Ғазо секторидаги фаластинлик тинч аҳоли ўртасидаги талофатларни минималлаштиришга қаратилган "аниқ қадамлар"ни таклиф қилганини билдирганди. Бироқ Нетаньяху Исроил шиддатли ҳужум уюштираётган Ғазо секторида ҲАМАС томонидан ушлаб турилган маҳбусларни озод қилмасдан, вақтинчалик гуманитар сулҳ тузиш таклифини рад этди. Кеча, 4 ноябрь куни Энтони Блинкен Иордания пойтахти Амманда Саудия Арабистони, БАА, Миср ва Қатар Ташқи ишлар вазирлари билан учрашиб, Исроилнинг ҲАМАС билан урушини муҳокама қилди. Бундан ташқари у Ливан Бош вазири вазифасини бажарувчи Нажиб Микати билан ҳам учрашув ўтказди. Кеча, 5 ноябрь куни Блинкен Рамаллоҳда Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос билан, Ларнакада Кипр Президенти Никос Христодулидис билан,  Бағдодда Ироқ Бош вазири Муҳаммад ал-Суданий билан музокаралар ўтказди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия Энтони Блинкен Хоқон Фидан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг