Исроил вақтинчалик гуманитар сулҳ таклифини рад этади – Нетаньяху
Олам
−
04 Ноябрь 2023
3952Исроил шиддатли ҳужум уюштираётган Ғазо секторида ҲАМАС томонидан ушлаб турилган маҳбусларни озод қилмасдан, вақтинчалик гуманитар сулҳ тузиш таклифини рад этди. Бу ҳақда кеча, 3 ноябрь куни мамлакат Бош вазири Биньямин Нетаньяху Тель-Авивда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашгандан сўнг ўтказган матбуот анжуманида маълум қилди.
Нетаньяху АҚШнинг вақтинчалик гуманитар сулҳ ҳақидаги таклифини тилга олмай, ҲАМАСга қарши курашда “бор кучи билан давом этишини” таъкидлаган.
“Исроил Ғазодаги асирларни озод қилмасдан, вақтинчалик гуманитар сулҳни рад этади. Биз ёқилғининг Ғазога киришига рухсат бермаймиз ва пул ўтказилишига қаршимиз”, дея қўшимча қилган Бош вазир.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 3 ноябрь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарқдаги вазият фонида учинчи марта Исроилга борган, Бош вазир Биньямин Нетаньяху, Президент Ицхаак Герцог ва бошқа расмийлар билан учрашганди. Блинкен Америка Қўшма Штатлари Исроилга Ғазо секторидаги фаластинлик тинч аҳоли ўртасидаги талофатларни минималлаштиришга қаратилган "аниқ қадамлар"ни таклиф қилганини билдирганди.